Тиббиёт фанлари доктори, онкохирург Олимжон Ғуломов ўзининг юзлаб жарроҳлик амалиётлари, илмий изланишлари сабаб ошқозон ичак касалликлари борасида ўз хулоса ва тажрибаларига эга.
Олим-врач аксарият касалликларнинг бошланишига нотўғри овқатланиш сабаб бўлишини таъкидлайди. Малакали олим билан суҳбатда ошқозон касалликларининг келиб чиқиши, ривожланиш жараёни, уни самарали даволаш, шунингдек, кундалик шароитда билишимиз лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз боради.
— Тиббиётда овқатланиш маданиятига инсон саломатлигинг асосий таянчларидан бири овқатланиш маданияти деб қаралади…
— Инсонда қандай касаллик кузатилса, организмдаги қонуниятлардан бирортасининг бузилиши билан боғлаймиз. Агар биз овқатланиш меъёридан четга чиқсак, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак ва қизилўнгачда турли хил касалликлар бошланишига замин яратган бўламиз. Гастрит, қизилўнгачдаги яллиғланишлар каби касалликлар пала-партиш ва нотўғри овқатланиш сабаб юзага келади. Эрталаб нонушта қилаётганимизда «нима янгиликлар бор экан», дея телефонимизни қўлга оламиз. Нима истеъмол қилаётганимизни унутамиз. Қандай овқат истеъмол қилишимизга қараб, ошқозон олдиндан шира ажратади. Биз эса, организмимизни эшитмаймиз, унга қандай витамин ёки маҳсулот етишмаяпти, бундан бехабармиз.
Овқатланиш бевосита иммунитет тизимига ҳам таъсир кўрсатади. Нимага ҳозирда коронавирус айрим инсонларда енгил ўтяптию, айрим инсонларда оғир ўтиб, ҳатто ўлим ҳолатигача олиб боради? Буларнинг барчаси бизнинг иммунитетимизга боғлиқ. Иммунитет эса ўз-ўзидан тўғри овқатланиш билан узвий боғланиб кетади.
Ўз вақтида овқатланиб, организмингизга катта яхшилик қилган бўласиз. Қолаверса, истеъмол қилинаётган таом калорияси билан сарф қилинаётган энергия ҳам тенг бўлиши керак. Айниқса, кечги таом сифатида енгилроқ ҳазм бўладиган овқатларни менюга киритиш зарур. Уйқудан 2-2,5 соат аввал биз кечги таомни истеъмол қилган бўлишимиз керак. Уйқуга ётаётган вақтимизда овқат ҳазм бўлиши шарт, чунки ошқозон ҳам дам олишга ҳақли.
— Сурункали яллиғланишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз…
— Кўпчилик беморлар ўт қопимда муаммо бор, деб келишади. Сиз шу муаммо борлигини биларкансиз, тузатиш учун нима қилдингиз, деб сўрайман? Ошқозонда оғриқ бўлса, иштаҳа йўқолса, акса кузатилиб, жиғилдон қайнаса, овқатланганда ундан роҳат сезилмаса ҳам бунга эътиборсиз юрадиган инсонлар кўп. Ҳатто бир неча кун давомида кузатилган оғриқнинг ўтиб кетишига умид қилиб яшашади. Бунақа пайтда «ўтиб кетади» деб кутиш керак эмас. Ўтса ҳам бу вақтинчалик. Бунинг сабабини аниқлаш керак.
— Ошқозон оғриганда, одатда «оғриқ қолдирувчи дори ич, ўзингга келасан», деган гапларни кўп эшитганмиз. Шу билан чекланиш тўғрими?
— Энг аввало, оғриқ нималигини билиб олишимиз керак. Оғриқ — организмда кечаётган касалликни онг остига етказиб бериш сигнали ҳисобланади. Шифокорлар оғриқнинг турига қараб, бемордан сўраб ташхис қўяди. Бемор шифокорнинг саволларига тўғри жавоб бериши лозим. Ички аъзоларни ташхислаш мураккаб жараён. Масалан, аппендецит 99 фоиз жарроҳлик йўли билан даволанади. Бунақа пайтда «қорнимда оғриқ бор», деб дори ичиб юрилса, ичак ёрилиб кетиши мумкин. Бу эса инсон ҳаёти учун хавфдир. Биз учун оддий кўринган оғриқ қолдирувчи дориларни ҳам шифокор кўрсатмасисиз ичиб бўлмайди. Бу айрим касалликларда дардни янада кучайтириб юборишга сабаб бўлиши мумкин. Ошқозон ичак касалликларини тахшислаш учун энг самарали текширув усули — эндоскопия ҳисобланади. Махсус найчадаги камера ошқозон ичак касалликларини аниқ ташхислаш учун хизмат қилади. Бу эса тўғри даволаш чораларини кўришга ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тайёрлади.