Иссиқхоналар учун бериладиган кредит муддати 7 йилдан 13 йилгача узайтирилади

Иссиқхоналар учун бериладиган кредит муддати 7 йилдан 13 йилгача узайтирилади

 Ўзбекистонда иссиқхона ташкил этиш учун бериладиган кредитлар муддати 5−7 йилдан 10−13 йилгача узайтирилади. Қолаверса, табиий газ истеъмоли учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Вазирлар Маҳкамасига тегишли ҳужжат лойиҳасини октябрь ойигача ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистондаги мавжуд муаммоли иссиқхона ҳўжаликлари фаолияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилади. Шунга кўра, улар истиқболли ва истиқболсиз тоифаларга ажратилади.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 30 августдаги «Ўзбекистон республикаси президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги «Очиқ мулоқоти»да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-364-сон] қарорида акс этган.

Ҳужжат билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ, Бухоро тажрибаси асосида:

  • мавжуд ва келгусида бериладиган кредит муддатларини 5 — 7 йилдан 10 — 13 йилгача узайтириш;
  • табиий газ истеъмоли учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш;

Истиқболсиз лойиҳаларни аниқлаш ва уларни янги ташаббускорларга бериш масалаларини ўрганиш режалаштирилган.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, 2022 йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланади. Мазкур вазифага ВМ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Марказий банк асосий ижрочи сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил Чортоқ туманида адирликда ташкил этилган 1000 та иссиқхонанинг 95 фоизи яроқсиз ҳолда экани аниқланди. 6,7 млрд сўм субсидия ва 6,3 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган иссиқхона тумандаги 1000 та камбағал оила аъзоларини иш билан таъминлаши керак эди. 2020 йилнинг июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида мазкур лойиҳа билан шахсан танишганди.

2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг глобал исишга қарши курашдаги ҳиссаси ортади: мамлакат 2030 йилгача иссиқхона чиқиндиларини камайтириш бўйича ўз мажбуриятларини сезиларли даражада оширгани ҳақида ёзгандик.

скачать dle 12.0


Flag Counter