Томорқа майдони ўн сотих бўлган хонадонларда иссиқхоналар барпо этилади

Улашиш:

Юртимизда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5138-сон Президент қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳоли (ташаббускор аҳоли) томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилинади.

Уй-иссиқхона мажмуалари давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилади ва ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар, уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2021 йил 31 декабргача божхона божидан озод қилинади.

Шунингдек, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.

Қарорга кўра, соҳадаги олий таълим ва профессионал таълим муассасаларида замонавий иссиқхона хўжалигини ташкил этиш, уларда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усулларини ўқитиш йўлга қўйилади ҳамда ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик танлови доирасида «Энг илғор иссиқхона хўжалиги» номинацияси жорий этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.