Андижонда ҳомиладор аёлга электрошокер билан ҳужум қилган эркак ушланди — фото

Улашиш:

Андижон вилояти Марҳамат туманида 2 март куни ҳомиладор аёлга электрошокер билан босқинчилик қилган 26 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, воқеа Турон маҳалласида соат 10:00 атрофида содир бўлган. Юзига ниқоб тақиб олган 26 ёшли эркак М.М. 28 ёшли ҳомиладор аёл Н.Т.нинг хонадонига ғайриқонуний йўл билан кирган. Шундан сўнг М.М. аёлдан тақиб олган тилла тақинчоқларини беришини талаб қилиб, унга электрошокер билан ҳужум қилган. Шундан сўнг аёлнинг тақинчоқларини зўрлик ишлатиб олиб, девор оша уйдан қочиб кетаётган вақтида маҳаллада яшовчи фуқаролар томонидан ушланган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида М.М.дан тилла тақинчоқлар ва электрошокер мосламаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати
Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Самарқандда фол очиб, аёлнинг тилла зиракларини талон-торож қилган лўлилар ушлангани ва Тошкентда 2 аёлни боғлаб қўйиб, салкам 1400 доллар пулини ўғирлаб кетган 5 эркак қўлга тушгани маълум қилинган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.