АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Балиқчилик бўйича комиссия маҳаллий аҳолини атроф-муҳит ҳимояси тўғрисидаги қонунни бузишда айблади. Блогер ўзининг YouTube’даги каналига 712 от кучига эга Ram 1500 ТRХ рулида экстремал трюкни бажарганини жойлаштирган, деб хабар беради Motor.
Эълон қилинган видеода блогер Ram 1500 ТRХ’ни Пенсильвания штатидаги ўрмонларнинг бирида синовдан ўтказган. Тест-драйв вақтида эркак катта тезликда сув тўсиқларини босиб ўтган, шунингдек, ирмоқ устидан сакрашни амалга оширган. Бу каби трюкларнинг бирида автомобилнинг ҳатто орқа ойнаси ҳам синиб кетган.
Видео эълон қилинганидан сўнг, штатнинг Балиқчилик бўйича комиссияси блогернинг устидан шикоят қилган. Уларнинг фикрича, эркак атроф-муҳитга жиддий зарар етказган. Идора вакилларининг маълум қилишича, синов вақтида видео муаллифи сув ҳудудига ноқонуний кирган, ирмоқ яхлитлигини бузган, шунингдек, маҳаллий фауна оламини яксон қилган. Эндиликда эркак катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Бундан ташқари, блогерга нисбатан атроф-муҳит ҳимояси тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун 18 та жиноят иши очилган.
Блогернинг маълум қилишича, у экстремал видеони шахсий ҳудудда суратга олган бўлиб, суратга олиш ишларини ер эгаси билан келишиб олган. Бундан ташқари, у ўзининг хатти-ҳаракатлари атроф-муҳитга жиддий зарар етказмаганига ишонмоқда. Америкаликни қандай оқибатлар кутаётгани ҳозирча номаълум. Ҳар эҳтимолга қарши, эркак юристларга мурожаат қилган.
Пикапда экстремал сакрашни амалга оширган америкалик эркакка нисбатан 18 та жиноят иши қўзғатилди
Улашиш: