Ислом никоҳни ёмон кўрмайди. Оила қуриш Исломда жуда савобли иш. Бошқа маданиятдаги одам ёки Ислом маданиятини билмайдиган инсон буни тушунмайди. Уйланишнинг савоб эканлигига далиллар бор. Сўз сўзга уланиб, мавзудан четлашиб кетишдан, тўғри йўлдан адашиб, манзилни тополмай қоламан деб қўрқаяпман…
Оила қуриш ҳам, тижорат ҳам савоб. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланган. Шу кунларда бўлиб ўтган бир воқеани сизларга айтиб берай. Бир танишим бор, уни яхши биламан. Жуда кибор, ишбилармон, тартибли, покиза, яхши бир подполковник эди. У менга бир воқеани гапириб берганда ҳайрон қолган эдим.
Отаси қўшнисининг эшигини таққиллатиб:
— Зиёратингизга келдим, — дейди.
— Марҳабо, марҳабо устоз! Қани, ичкарига киринг. Бошимизнинг тожисиз. Бизни жуда хурсанд қилдингиз, — деб тўрга ўтқазишибди. Чунки у жиддий, таниқли олим киши бўлган…
— Устоз, қадам ранжида қилганингиз учун Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Бирор хизматингиз борми? Бир оғиз айтганингизда ўзимиз борардик, сизни овора қилмаган бўлардик. Қўлингизни, оёғингизни ўпардик. Айтинг, нима хизматингиз ёки истагингиз бор?
— Ҳа, Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам суннатларига мувофиқ сизнинг қизингизга уйланмоқ истагида эдим, розилигингизни олмоққа келдим», — дейдилар.
Кутилмаган воқеадан қўшнисининг бошидан бир челак сув қуйилгандай бўлибди…
— Устоз, мендан агар жонимни сўрасангиз, жонимни ҳам бераман. Аммо қизим сизга лойиқ эмас! Қизимизнинг икки оёғи шол, мажруҳ. Биз — ота-онаси унга зўрға қараймиз. Сиз улуғ олим бўлсангиз, сизга хизмат қиладиган жуфти ҳалол зарур! Қизимиз касал бўлса… — дебди.
Ҳалиги олим киши эса:
— Ҳаммасидан хабарим бор, шу қизингизни менга берасиз — деб туриб олибди. Ночор қўшниси рози бўлибди ва қизини унга берибди. Шу қиздан ҳалиги ҳарбий одам туғилган экан.
Олим киши: «Бу қиз ногирон бўлгани учун унга ҳеч ким уйланмайди, чиройли бўлганида ҳамма кетидан чопарди. Кел, мен шу фақир, бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай, савоб қозонай», — деб уйланган экан…
Уйланиш савоб. Қўша-қўша савоб олиш учун ҳам ўша қизга уйланибди. Мана буни улуғлик, қаҳрамонлик деса бўлади! Бундай инсонга тарихдан алоҳида бир саҳифа ажратиш керак, менимча! Америкада бўлганда эди, бу ҳодисани катта реклама қилган бўлур эдилар.
Ҳа, уйланиш кўнгил истаги, лекин савобдир…
Манба: Azon.uz