ННТ- амалдорларни қийнайдиган виждонга ўхшайди. Қорақалпоғистонлик оддий ҳунарманд аёл юзлаб кишиларни ўзгартира олган

Улашиш:

Бугунги кунда Орол денгизи фожиаси мавзуси Ўзбекистон учун асосийларидан бири ҳисобланади. Бу масала билан халқаро ва миллий даражада шуғулланилмоқда. Бироқ, шундай вақтлар бўлганки, бу масалага ҳеч ким эътибор бермаган, маҳаллий аҳоли, қолаверса, аёллар муаммоси билан саноқли кишилар шуғулланган. Бугун улардан бири - жамоат арбоби, ҳунарманд ва дизайнер Гулнора Ембергенова ҳақида сўзлаб берамиз.

Туризм, ҳунармандчилик ва муқобил бандлик имкониятлари билан унинг бошчилигидаги "Оролнинг олтин мероси" Қорақалпоқ жамоат бирлашмаси шуғулланиб келмоқда. "Мен одамларнинг фаолроқ бўлишига, ўз даромадига эга бўлишига, ҳаётини яхшироқ ўзгартиришга ҳисса қўшишига ёрдам бермоқчиман", - деди Гулнора. Унинг сўзларига кўра, қорақалпоғистон халқи ўзгача, ҳамма бу ерда ўзини уйдагидек ҳис қилади.

Ишнинг бошланиши

Гулнора Ембергенова Нукусда туғилган, у кўп фарзандлик қорақалпоқ оиласида тўнғич фарзанд. Отаси гидробиолог, биология фанлари номзоди, Фанлар Академиясининг балиқчилик лабораториясида ишлаган, онаси физик, мактабда дарс берган.

Қизнинг ижодий қобилиятини биринчи бўлиб боғча тарбиячиси пайқаган, у Гулноранинг чизмаларига қараб: "Оҳ, менинг рассомим! Сен эртага буюк санъаткор бўласан!", –дея такрорлаган. Бу мақтовлар боланинг келажакдаги тақдирига таъсир қилган.

"Менимча, ҳар бир инсон миллатидан қатъи назар, табиатан истеъдодли бўлади. Болалигимдан дунёни ўзгартиришни истаганман ва натижада аёлларга ҳунар ўргатиш ва ундан пул топишни ўргатиш билан шуғулланаяпман", - деди Гулнора Ембергенова ва унинг шу сўзлари билан суҳбатимиз бошланди.

Илм тоши

Гулнора мактабданоқ рассом бўлишга қарор қилган ва шунинг учун 8-синфни битиргач, Жапак Шамуратов номидаги Нукус санъат мактабига ўтган ва бўлажак мутахассислиги-бадиий безашни ўргана бошлаган. Ота-онаси, ўқитувчилари, синфдошлари ва мактаб директори учун бу кутилмаган қадам бўлган. "Ўша пайтда, яхши ўқимаган ўқувчилар у ерга юборилган, охир-оқибат ота-онам ҳужжатларни тайёрлашдан ҳаттоки бош тортди ва мен ҳамма нарсани ўзим қилдим. Бу қарор у ерда яхши ўқитилмаслиги билан боғлиқ эмасди, ўша пайтларда бу касбни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган", - деди Гулнора.

Унинг қўшимча қилишича, ўша пайтда билим юртида жуда истеъдодли ўқитувчилар бор эди. Масалан, Музафар Есчанов-у Тожикистондан Тошкентга, умуман бошқа вилоятга, бошқа халққа, бошқа маданиятга эга жамиятга келиб, шу ерда рассомларни ўқита бошлади.

"Педагогик таркиб шу қадар профессионал эдики, мактаб Ўзбекистондаги энг кучлилардан бири ҳисобланарди. Ўқувчилар ўқитувчиларга доимо яқин бўлиб, улар биргаликда жиддий буюртмаларни амалга оширишган, масалан, "Тошкент" меҳмонхонасини безаш билан шуғулланишган. Ўша пайтда Совет Иттифоқи эди, иш кўп эди, биз давлат буюртмаларини бажариб, ўқирдик. Ўқишни битиргач, Островский номидаги Тошкент Давлат театр ва бадиий институтига ўқишга йўлланма олдим", - дея қайд этди суҳбатдошимиз.

Гулноранинг сўзларига кўра, бўлажак касбни танлаш тасодифий бўлгани йўқ, у доимо одамларга ёрдам беришни, уларнинг ҳаётини янада қулай ва фаровон қилишни истаган.

"Интерьер ва жиҳозлар дизайнери-ҳар доим инсон ҳаётини сифатли, уни янада қизиқарли қилиш, муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар бир киши ўзини қулай ҳис қилиши ҳақида ўйлайдиган махсус қобилиятдир", деди у.

"Ўша йилларда пахта бизни яқинлаштирди. Албатта, биз уни сўкардик, бу жуда қийин эди, у ўқиш вақтини оларди. Ҳақиқатан ҳам, уч ойлик пахта бироз кўп, икки ҳафта бўлса, етарли бўларди. Талабалар ҳаётидаги пахта даври ёрқин чақнаш каби бўлиб қолмоқда-одамлар бир-бирларини яхши таниб олиш учун имконият эди. У ерда жуда истеъдодли болалар билан бирга ўқиётганимни англадим, улар қўшиқ айтишарди, чизишарди, рақсга тушишарди. Умуман, институтда ҳар биримизни кўп тармоқли мутахассис сифатида тарбиялашга ҳаракат қилинди ва бу менга ҳаётимда катта ёрдам берди", - дейди Ембергенова.

Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, унинг кўплаб курсдошлари бугунги кунда машҳур ва таниқли актёрлар, режиссёр ва санъаткорларга айланган.

"Масалан, Тимур Бекмамбетов билан ёнма-ён таҳсил олдик. У ўзгаргани йўқ - шу соқол, шу соч турмаги, лекин у ҳозир кўпроқ гапирадиган бўлган. У билан учрашишни истардим, ишончим комилки, у Тошкентда ўқиганлиги ҳақида илиқ таассуротларга эга ", - дея қайд этди Гулнора.

Катта ҳаётга қадам босиш

"Институтни битиргач, мутахассислигим бўйича қаердан иш топсам бўлади, дея ўйлай бошладим. Ўша даврда мебел ишлаб чиқариш учун устахоналар йўқ еди. Шунинг учун, менда мебелни ўзгартиришга қодир қандайдир янги интерьерлар яратиш фикр бор эди. Нукусга улкан режалар билан келдим, лекин шуни англадимки, ҳамма нарса менга боғлиқ эмас экан, ҳамма нарса қўлимдан келмаскан. Мен бошида бадиий ишлаб чиқариш устахоналарида ишладим, кейин мактабда ўқитувчи сифатида иш топиш бахтига муяссар бўлдим", - деди Ембергенова.

Бизнинг қаҳрамонимиз шахси шаклланишининг энг муҳим йиллари Совет Иттифоқи қулаши вақтига тўғри келган, бу воқеалар унинг кўз олдида юз берган.

"Илгари Москвада Бутуниттифоқ театр жамияти бор эди, у режа асосида ишларди ва биз учун ҳамма нарсани ҳал қиларди. СССР қулаганидан кейин аввалига парокандалик юз берди. Шундан сўнг етакчи рол Тошкентга ўтди, лекин биринчи буюртмалардан сўнг либослар зарур талабларга жавоб бермаслиги, хореограф ва раққосаларга кўп нарса ёқмаслиги аён бўлди. Масалан, нақш ва ранглар бир хил эмасди, тўғри ўлчовда бўлмаган. Шунда машҳур қорақалпоқ "Айкулаш" ансамбли костюмлар тайёрлашимни сўради, бу менинг биринчи буюртмам эди", - дея эслайди у.

Хориж гастроллари

СССР қулашидан сал олдин Қорақалпоғистон Маданият вазирлигидан Байрам Муродов, Пўлат Мадрейимов ва бошқалар Москвага бориб, у ерда иш қандай кетаётганини кўриш керак, эҳтимол театр кийимларини тикиш учун ўз устахоналаримизни яратиш мумкин деган қарорга келишганди. Гулнора Москвага жўнатилган.

"Мен 20 кун давомида у ерга юборилдим, устахоналарга бордим, томоша қилдим. Москваликлар менинг эскизларни кўриб, "Келинг, бу ерда Марказий Осиё костюмлари бўйича дизайнер бўласиз”, - деб таклиф қилишди. Балки ўшанда таклифдан фойдаланиб, Москвада ишлаш, тажриба орттириш тўғрироқ бўларди, лекин мен Нукусга қайтишни, ватанимда ўз ижодимни кўрсатишни хоҳладим. Қорақалпоғистон менсиз бўлишини тасаввур қилолмасдим, - деди Ембергенова.

Мураббийлик вазифаси

Суҳбатдошимиз ижодкор инсон бўлиб, ҳамиша ниманидир излайди, унинг ижодига кимдир ҳавас қилиши керак. Эҳтимол, шунинг учун тақдир уни қизиқарли одамларга дуч қилган, улардан бири - хореограф Полат Мадрейимов эди.

"Айкулаш” ансамбли учун ишлаш менинг қарашларимни ўзгартиришга, бошқаларнинг қандай ишлашини кўришга, ўқишга ёрдам берди. Бунда таниқли хореограф, Қорақалпоғистон халқ артисти Полат Мадрейимов катта рол ўйнади. Мен ундан тез-тез маслаҳат олиб турдим. Унга ўхшаган одамлар ҳақида "Истеъдодли одам ҳамма нарсада истеъдодли бўлади", -деб    айтишади. Унинг назарида ҳар бир нарса - рақс, ҳаракатлар, костюмлар ва нақшларнинг ритми мукаммал бўлиши керак. Унинг бундай бефарқ эмаслиги ҳайратга солади. Истеъдод унга Худодан берилган ва шунинг учун ҳам у шундай ажойиб рақсларни саҳналаштиради", - деди суҳбатдош.

Илк қадамлар

Ташқи кўринишидан, Гулнора типик қорақалпоқ аёлига ўхшайди: кичик жуссали, буғдой ранг, кўзлари оҳудек. Аммо мулоқотда жиддий қарорлар қабул қилиш имконини берувчи руҳ кучи мавжуд.

У ўзи ҳақида шундай дейди: "Менда инқилобчининг феъл-атвори бор – мен ҳар доим бирор нарсадан норози эдим, ҳар доим бирор нарсани ўзгартиришни хоҳлардим. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида илк нодавлат ташкилотлар пайдо бўла бошлагани эсимда. Албатта, ҳокимият улардан эҳтиёт эди, лекин ишлашга рухсат беришди. Ўшанда мен ҳамкорлик қилган "Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш Иттифоқи" ва "Перзент" ННТлари пайдо бўлди. Бизга чет элликларга кела бошлади, халқимиз улардан янги нарсаларни ўрганди. Совет Иттифоқи ўшанда ёпиқ ҳудуд эди, бу ерда эса чет элликлар бўлган. Улар тирик ва ҳақиқий эди. Бизга ҳам қизиқ бўлган ва оғзимиз очилиб, нима қилаётганларини тинглардик ва иштирок этишни хоҳлардик."

Қаҳрамонимизнинг ННТлар билан ишлашни шу тарзда бошлаган. Гулноранинг ўзи эътироф этганидек, ўша пайтда ННТлар янги ҳаётга қадам бўлган, дунёга муносабатини ўзгартирган мактаб вазифасини бажарган.

"Мураббийлар туфайли ҳар-бир киши ривожланишга ҳисса қўшиши мумкинлигини тушуниб етдим. Буларнинг барчасида фаол иштирок этишни хоҳлардим. Ҳатто билим юртидаги ишимни ташлаб, олдинга юрдим. Шундай қилиб, жуда ўзимнинг "Орол денгизининг Олтин мероси жамоат бирлашмаси” нодавлат нотижорат ташкилотимни очдим.

ННТ 1998 йилда рўйхатга олинган. Унинг биринчи лойиҳаси хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш орқали қорақалпоқ амалий санъатини тиклаш бўлди.

"Музейларда турган намуналар чиройли қорақалпоқ кашталари ўлик санъат ҳисобланганидан хафа бўлдим. “Нега бу санъат минг йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, энди ўлиши керак?", -деб ўйладим. Ўшанда уни қайта тиклаш зарурлигини англадим ва бу борада халқаро ташкилотлар вакиллари ўзига хос рағбатга айланди. Ахир улар биздан “Қорақалпоқлар кимлар ва улар бошқа халқлардан қандай фарқ қилади?", - дея сўраб туришарди”, -деди у.

"Мен мўйноқлиқ аёлларга кашта тикишни ўргата бошладим, халқаро ташкилотлар бунга ёрдам берди. Мини-грантлар олдик, олинган пулларга иплар, матолар харид қилдик ва маҳсулот яратдик. Кўплаб мамлакатларда фаолият юритаётган Американинг "Ҳунармандларга ёрдам" ташкилоти ўз маҳсулотларини сотиши ва даромад олиши учун шогирдларимизга шароит яратди. Ўша пайтларда бу янгилик эди", - дея қайд этди Гулнора.

Боши ва якуни

2004 йил Гулнора Ембергенова ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлди. Ҳамма нарса ажойиб кетаётган эди, унинг ҳунарманд аёллари илҳомланиб, турли маҳсулотлар ишлаб чиқара бошлади, бу эса мўйноқлиқ аёлларга иш топиш ва даромад олиш учун ҳақиқий имконият эди. Ҳунармандчилик маҳсулотлари машҳур бўлиб, Бишкек, Алмати ва Тошкентда яхши сотила бошлаган.

Шу давр мобайнида у ниҳоят 10 йиллик мақсадига эришган - Голландиянинг "Novib" ташкилоти билан 170 минг евро миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш учун розилик олган. Бу маблағ қорақалпоқ амалий санъати – каштачилик, гиламдўзлик, жунчилик ишларини 12 йўналишда ривожлантиришга қаратилган бўлиши лозим эди.

Лойиҳанинг аниқ режаси бўлган – биринчи босқичда кўникмаларни ўргатиш, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, сувенир дўконлари ташкил этиш, истеъдодли ҳунармандларни ўқитиш учун четга олиб чиқиш режалаштирилган. Иккинчи босқичда Марказий Осиёда ҳунармандлар маҳсулотларини сотиш, кейинчалик Жанубий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш кўзда тутилган. Лойиҳа якунида ҳунар одамларга қандай ёрдам бериши ҳақида ҳужжатли филм суратга олиш режалаштирилган. Афсуски, буларнинг барчаси бир кунда барбод бўлган.

"Ноябрь ойида грант ютиб олганимиз ҳақида хабар берилди, бироқ, декабрь ойида бу пуллардан фойдалана олмаслигимизни айтишди. 2004 йилда МДҲ давлатларида рангли инқилоблар бошланди ва Ўзбекистон хорижий ННТлар билан ишлашни тўхтатди. Биз шок ҳолатига тушдик. Бир йил давомида бу пуллар Миллий банкда ётди, у ерда ҳали ҳам бир қисми бор. Биз пулларни валютага ўтказиб, қайтариб юбора олмадик", - дея қайд этди суҳбатдошимиз.

Охиригача курашиш

"Голландия билан ишимиз бўлмаганидан кейин чекка ҳудудлар билан ишлаш, аёлларни ўқитиш, бу одамлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиш қийинлашди. Бироқ, вазият аста-секин ўз жойига тушди. Ҳозир Ўзбекистонда бунга эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, давлат иштирокисиз ташкил этилган нодавлат ташкилотларга ёрдам берилмоқда. Уларнинг ўз вазифаси ва ўз қарашлари бор. Бошида бундай ташкилотларни ҳамма ишончсизлик билан қабул қиларди.

Ҳозир кўплаб расмийлар - "Бу одамлар ҳам вазиятни яхшилашга ҳисса қўшишга тайёр, улар ўз мамлакатининг ватанпарварлари", -деб айтишмоқда.

"Бу тўғри, чунки ННТлар – виждонга ўхшайди – улар амалдорларнинг тинч яшашига йўл қўймайди. Бундай ташкилотларнинг кўпчилиги давлат етиб бормайдиган айрим камчиликларни пайқайди ва уларга эътибор беришга ёрдам беради. Айни пайтда уларни 3D расмга қиёслаш мумкин, гўёки сиз бир хил вазиятга турли томондан қарайсиз ва уни турли йўллар билан ечишга ҳаракат қиласиз", - дея фикр юритди Гулнора Ембергенова.

Давлатдан кўмак

Ҳозир мамлакатда олий Мажлиснинг махсус Жамғармаси фаолият кўрсатиб, у амалда ННТларга асосий кўмакчи вазифасини ўтайди. Гулнора Ембергенова ушбу ташкилот туфайли давлат ижтимоий буюртмасини олган.

"Биз аҳолининг заиф қатламларидан 400 кишини ҳунармандчилик ва компьютер саводхонлиги бўйича ўқитиш учун ижтимоий буюртма олдик. Шу туфайли одамлар пул топиб, ҳаётларини яхшилайдилар. Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, бу нафақат ўқитиш, балки атрофдагиларга бўлган муносабатнинг ҳам ўзгаришидир. Контингентимиз ижтимоий ҳаётда деярли иштирок этмайдиган инсонлар, асосан аёллар ва ёшлардан иборат. Улар учун бизнесни режалаштириш бўйича ҳар хил мотивацион тренинглар ўтказамиз", - деди суҳбатдошимиз.

Икки ойлик курслар якунлангач, ўқувчилар билан ишлаш давом этади. Уларга корхонани яратиш концепциясини тузиш, ҳужжатларни тўплаш, рўйхатдан ўтказиш, банк кредитларини жалб этишга ёрдам берилади.

"Демак, биз инсонни мажозий маънода юришга тайёрлаяпмиз. Зеро, фойдасини ҳисоблашган ўрганган одам қадамларини ҳам ҳисоблай бошлайди, ҳаётини ва бошқаларнинг ҳаётини яхшилайди. Бундай одамлар кўпроқ масъулият ва кўпроқ мажбуриятни ўз зиммасига олади”, - деди Ембергенова.

Айни пайтда қахрамонимизнинг қўзлари чақнаб турибди, ижтимоий буюртма уни янада илҳомлантирган.

"Ҳозирда бизда ўқитишнинг 6 та   йўналиши мавжуд. Улардан бири компьютерга ўргатиш, қолганлари анъанавий-каштачилик, гилам тўқиш, ўтовлар ясаш, миллий либослар тикиш. Энди мен сайёҳлар махсус келиб, бутун дунёга бу ҳақда айтиб берадиган кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилиш ҳақида ўйлаяпман. Пировардида ҳунармандларимиз бошқа даражага чиқиб, яхшироқ бўлишларини истайман", - деди у.

Ноёб брендлар

Қорақалпоғистоннинг ўзига хос брендлари – Орол денгизи, Савицкий музейи, ўтов, “Айқулаш” ансамбли ва албатта, Қоратауси бор.

"Қорақалпоқ санъатига келадиган бўлсак, у бетакрорлиги ва ўзига хослиги билан мени ҳайратга солади ва қувонтиради. Лекин, яқинда унга ташқи оқимлар таъсир қилаётганини сездим. Менимча, қорақалпоқ қадриятлари бошқа миллий тафовутлар орасида йўқолиб кетмаслиги учун бошқалар бизга таъсир қилмаслиги мақсадида қандайдир иммунитетни шакллантиришимиз керак – бу, айниқса, тил, санъат, ҳунарга тааллуқлидир. Ҳар ким ўзига хос бўлиши керак", - дея ҳисоблайди Гулнора.

"Қадимий маданиятимиз ва тарихимизни сувенирлар орқали етказа оладиган ижодкорларни жалб қилмоқчиман, токи унда қорақалпоқ илиқлиги сезилиб турсин, токи бу ерга инсон ҳамиша яна келишни истасин. Биз, шунингдек, бу заминни тарк қилганлар учун яна нима қила олишимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Кўп одамларда бу ерга қайта ташриф буюриш истаги бор. Улар кўз ёшлари билан чангли Қорақалпоғистонни, бу энг қуёшли ўлкани эслайдилар! Уларнинг болалиги шу ерда ўтган, улар ерда ялангоёқ югуришган, тандирдан иссиқ нон олиб ейишган, Қизкеткенда, Туз кўлида чўмилишган! Янги авлод – уларнинг фарзандлари нима учун ота-оналари чет эл курортларига боришни истамаётгани ва Нукусга боришга иштиёқманд эканликларини тушунмаяпти, ", - деди у.

Ватан дегани нима?

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ёшлар бугун ватанпарварлик деганда нафақат байроқни, балки, аввало, она юрт равнақи учун қўшаётган ҳиссани    тушунишлари керак.

"Ватан - бу махсус энергетикани ҳис қилишдир. Ўзбекистоннинг исталган жойида ўзимни бегона ҳис қилмайман. Бир пайт Фарғона водийсида турмуш ўртоғим қишлоқлардан бирида машина бузилиб қолгани туфайли тўхтади. Ўн дақиқадан кейин, бир қария   ёнимизга келиб, иссиқ чой, нон ва ширинликлар келтириб берди. Бу бизни ҳайратга туширди. Умуман олганда, халқимиз бошқаларнинг бахтизлигига лоқайд эмас", - деди у.

Афсусларим

Ҳар кимнинг ўз кечинмалари ва афсуслари, ҳаётда тузатилиши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисидаги фикрлари бор. Гулноранинг айтишича, ҳозир у табиий ёпиқлигидан энг кўп афсусланади.

"Мен ҳар доим ўзимни ҳимоя қилишга ва ўзимни чегалараб қўйишга ҳаракат қилдим, ҳеч ким чизиқни кесиб ўтмаслиги учун бўш макон қолдирдим. Кейинчалик, вақт ўтиши билан буни тушундим ва пушаймон бўлдим-бундан ҳам кўпроқ танишишим, мулоқот қилишим, ўрганишим, алоқа қилишдан қўрқмаслигим керак экан", - дея якунлади у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.