Жиззахда сохта диплом ясаб сотувчилар қўлга олинди

Улашиш:

Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан сохта диплом ясаб сотувчилар қўлга олинди, деб хабар беради ИИВ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, вилоятнинг Пахтакор тумани «Оқбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро харидордан 400 доллар миқдорида пул олиб, ваъда қилинган дипломни бераётган пайтда далилий ашёлар билан ушланган.

Тезкор тадбир давомида сотувчи дипломни ўзига олдиндан таниш бўлган Пахтакор туманидаги ўрта умумтаълим мактаби директоридан 300 долларга, у эса ўз навбатида шу ҳудуддаги касб-ҳунар мактаби директори ўринбосари вазифасида ишловчи шахсдан 200 долларга сотиб олгани маълум бўлган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида Жиззах шаҳрининг «Заргарлик» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро қалбаки диплом ва иловаларни тайёрлаб, унга муҳр ва имзолар билан ишлов берганлиги аниқланган. Ушбу шахснинг яшаш манзилидан компьютер ва қоғоз чиқариш қурилмаси ҳужжатлаштириб олинган. Тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда сохта дипломга эга 10 та мактаб ўқитувчиси қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.