Тошкентда автомобиль юкхонасидан топилган таксичининг жасади билан боғлиқ янги тафсилотлар пайдо бўлди

Улашиш:

Ўтган куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари Тошкентнинг Яшнобод туманидаги автотураргоҳда бўлган машина юкхонасидан даҳшатли топилмани аниқлашган. Бу 7 январь куни ғойиб бўлган такси ҳайдовчисининг жасади эди. Ҳозирда маълум бўлишича, қотилликда ахлоқ тузатиш колонияларидан қочган уч нафар жиноятчи гумон қилинмоқда.  

Воқеалар   шундан бошланганки, 2021 йилнинг 29 декабрь куни уч нафар маҳбус Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Бўка туманларида жойлашган иккита ахлоқ тузатиш колониясидан қочиб кетган.

2022 йил 5 январь куни уч нафар жиноятчи “Тошкент-Наманган” йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи такси ҳайдовчисидан пойтахтга олиб боришни сўраган. Бироқ Оҳангарон шаҳри (Тошкент вилояти) ҳудудида улар ҳайдовчига ҳужум қилиб, 500 доллар, 100 минг сўм ва RedMi Note-9 телефонини ўғирлаб кетишган.

Жиноятчилар ҳайдовчини боғлаб, оғзини беркитиб, “Кобалт”нинг юкхонасига солиб қўйишган. Машинани Жизахнинг “Навоий” маҳалла ҳудудида қолдириб, ўзлари эса воқеа жойини тарк қилишган.

Шундан сўнг 7 январь куни улар яна бир такси ҳайдовчисидан Андижон вилоятидан Тошкентга олиб боришни сўрашган. Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида улар ҳайдовчига ҳужум қилиб,   11650 доллар ва мобил телефонини ўғирлаб кетишган. Ўтган сафаргидек, уни ҳам боғлаб, оғзига латта тиқиб, машинани пойтахтнинг Яшнобод туманида қолдиришган. Ҳуқуқ -тартибот ходимлари айнан шу таксичини ўлик ҳолда топишган.

Ушбу ҳолатлар муносабати билан тезкор чоралар амалга оширилиб, талончилик содир этганликда гумон қилинаётган фуқаролар ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Шундан сўнг гумондорлардан бири– илгари Жиноят кодексининг 169 моддаси (ўғрилик) бўйича беш мартла судланган 34 ёшли йигит Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида ҳайдовчилар кўмагида қўлга олинган.

Иккинчи гумондор - 29 ёшли ўзбекистонлик 9 январь куни Қўқондаги “Троя” тунги клуби яқинида, учинчиси – 34 ёшли эркак 10 январга ўтар кечаси Қўқонда ушланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.