Чинозда молиявий пирамида тузган яна бир «Аҳмадбой» ушланиб, қамоққа олинди

Улашиш:

ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Чиноз туманида молиявий пирамида тузган яна бир шахс қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.

Маълум қилинишича, фуқаро А.Н. (1979 йилда туғилган) 2016 йилда молиявий пирамида ташкил қилиб, бир неча ойдан сўнг кўпайтириб, қайтариш шарти билан фуқаролардан пул, автомашина ва бошқа қимматликларни қабул қилиш билан шуғуллангани учун 2017 йилда суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган.

Унга нисбатан амнистия акти қўлланиб, 2021 йилнинг декабрь ойида озодликка чиқарилган бўлса-да, хатоларидан тўғри хулоса қилмасдан, аксинча яна «эски ҳунари»ни давом эттирган.

Хусусан, А.Н. ўзганинг ишончига кириб, унинг бошқарувида бўлган Spark русумли автомашинани 6,5 минг долларга баҳолаган ҳамда қўшимча 2 минг доллар беришини талаб қилган. У умумий миқдорда 8,5 минг долларни 10 ой давомида ҳар ойда 1,7 минг доллардан, жами 17 минг доллар миқдорида қайтариб беришини айтган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у фуқаронинг Spark автомашинасини ҳамда 2 минг долларни қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Дастлабки суриштирув натижасида А.Н. ўтказилган тезкор тадбир давомида олган 2 минг доллар ҳамда Spark автомашинаси билан қўшиб ҳисоблаганда, маълум муддатдан сўнг кўпайтириб, қайтариб бериш шарти билан жами 12 нафар фуқародан 94 минг доллар, 4 та автомобиль ва 54 бош чорва ҳайвонларини (автомобиллар ва чорва ҳайвонларининг умумий баҳоси 394 миллион сўмни ташкил қилади) олгани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Н.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг сентябрида Қашқадарёда сохта акцияларни 9 миллион долларга пуллаб, молиявий пирамида ташкил этган шахсларга жиноят иши қўзғатилган, августда эса чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиси Муродбойга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган, 2019 йилда Бухорода «янги Аҳмадбой» пайдо бўлган ва у 580 минг доллар ўзлаштирган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.