"Халқ банки" ходими 102 миллион сўмни “еб қўйди”

Улашиш:

"Халқ банки" ходими 102 миллион сўмни “еб қўйди”. Бу ҳақда Human.uz манбаси хабар бермоқда.

Навоий вилоятининг АТ “Халқ банки” Нурота филиалида Х.Ф.га бош мутахассис лавозими ишониб топширилган эди, бироқ у ишончни оқламади.

У бош мутахассис вазифасида ишлаб, яқин қариндошлари номига, гарчанд уларнинг паррандачилик, чорвачилик ва иссиқхона ташкил этиб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун бирор бир мақсадлари бўлмаса-да, фирибгарлик йўли билан банкдан уларнинг номига кредит олиш учун асос бўладиган тегишли ҳужжатларга имзо қўйдириб олади. Х.Ф. қарийб 92 миллион 452 минг сўм кредит маблағи эвазига олинган маҳсулотларни сотиб юборади ва пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатади.

Х.Ф. кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш билан қаноатланмайди.

АТ “Халқ банки” Нурота филиалига кредит тўловларини тўлаш учун келган фуқаро Н.Ж.дан 10 миллион сўм пул маблағини кредит қарздорлигини тўлаб қўйишини билдириб, олиб қолади. Аммо “банкир” ушбу пул маблағини кассага кирим қилмасдан “еб юборади”.
– Х.Ф.га нисбатан тергов органлари томонидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси 2-қисмининг “а” бандида қайд қилинган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди, – дейди жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси Авазжон Ибодов. – Х.Ф. томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги эътиборга олиниб, бир йил муддатга банк тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.