«Ҳеч ким қайтара олмаётган қиз» видеосига муносабат билдирилди

Улашиш:

Навоий вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда «Бу қизни ҳеч ким қайтара олмаяпти» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, Навоий туманида туғилган 38 ёшли Ш.Д. 9 март куни соат 07:30 ларда қизи А.Р. билан биргаликда Кармана тумани «Бешкент» маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш жойида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзаро жанжал кўтарган. Хусусан, аёл фуқаро Б.Н.ни қўл ва оёқлари билан уриб, унинг устига қизиб турган ёғни сепиб юборган. Кармана тумани СТЕБнинг хулосасига кўра, Б.Н.га ўнг қўл билак соҳаси ва бармоқлар учки соҳалари тахминан 2-3 фоиз юзасининг I-ИИ даражали термик куйиши (ёғдан) каби жароҳат етказилган.

Бундан ташқари, у ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини такроран давом эттириб, 18 март куни тахминан соат 17:30 ларда ўғли А.А. билан биргаликда яна ўша жойда фуқаро Б.Н. билан жанжаллашган. Жанжал вақтида Б.Н.ни қўл ва оёқлари билан танасининг турли соҳаларига уриб-тепиб, унга тан жароҳати етказган.

Таъкидланишича, фуқаро Ш.Д. ва унинг вояга етмаган фарзандлари бир гуруҳ бўлиб содир этган мазкур ҳаракатларга тергов жараёнида ҳуқуқий баҳо берилади.

Ахлоқ қоидаларини менсимасдан, намойишкорона безорилик қилгани учун фуқаро Ш.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи айни пайтда процессуал тартибда ушланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.