Тошкентда ота ўз ўғлини ўлдириб, жасадини ертўлага кўмган. Шунингдек, у ўз қизини зўрламоқчи бўлган

Улашиш:

Тошкентда ота ўз ўғлини ўлдириб, жасадини ертўлага кўмган. Шунингдек, у қизини зўрламоқчи бўлган. Бу мудҳиш воқеа ҳақида ИИББ хабар бермоқда. 

Миржалол мардикор бўлиб ишлаган. 2015 йилда онасининг ўлимидан сўнг, у спиртли ичимликларга ружу қўйган, доимо яхши иш топа олмаслиги ва ўқимаганлиги учун ўзини койиб, бир кун билан яшаверган. Миржалолнинг отаси Миразам Ахмедовга ўғлининг доимий равишда ичиши ва ишга кирмаслиги жонига теккан.

Бир куни ота кечқурун уйга келиб, ўғлини маст ҳолатда кўргач, уни сўка бошлаган. Миржалол илгари ҳам отасининг панд-насиҳатига чидай олмай, дарров муштлашишни бошлаган. Ота ва ўғил ўртасида жанжал келиб чиққан.

Миразам Ахмедовнинг сўзларига кўра, ўғли уни дўппослаб бўлгач, ухлаган. Ярим тунда Миразам ҳовлига чиқиб, ўғлининг тириклик белгиларисиз ётганини кўрган. Миразам уни уйғотмоқчи бўлган, бироқ, ўғлининг жасади совиб бўлган экан. Ота нима қилишни билмаган....

У дарҳол 102га қўнғироқ қилмоқчи бўлган. Аммо бу фикрдан воз кечган, чунки у илгари ўғирлик учун беш йил қамалиб чиққан эди. У гумон қилинувчи сифатида жавобгарликка тортилиши ва яна қамоқхонага қайтишидан қўрққан. Шунда Миразамнинг хаёлига бир фикр келган: у ўғлининг жасадини яширишга қарор қилган. Мурдани ахлат қопларига солиб, арқон билан ўраб, уйнинг ертўласига кўмган. Кўмганидан сўнг, у ювинган, кийимларини алмаштирган ва ўзига алиби яратиш учун онасининг уйига борган.

Вақт ўтиши билан акасини жуда яхши кўрадиган Миржалолнинг синглиси Наргиза отасига доимо Миржалол ҳақида саволлар берган. Ота Миржалол Россияга ишлаш учун кетаётгани ҳақида хат қолдиргани ва уни қидирмасликни сўраганини айтган. Шунга қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари йўқолган одамни қидира бошлашган, отасини ички ишлар бўлимига чақириб, унга бир нечта саволлар беришган.

Воқеалар Миразамни ташвишга сола бошлаган, берилаётган саволлар унга ёқмаган. Қолаверса, бир куни Наргиза акаси тушига кириб, ёрдам сўраганини айтган. Шу боис қотил ота ўғилнинг жасадини қайта кўмишга қарор қилган. Қулай пайтни пойлаб, у ернинг цемент полини ёриб, жасадни чиқариб олган ва чордоққа яширган. Жасадни ўтказишда қопдан марҳумнинг оёқ кафти суяклари тушиб кетган. Миразам тушган суякларни бошқа қопга солиб, ахлатга ташлаган.

Агарда терговчилар тиришқоқлик қилмаганида ва синглининг акасига меҳри бу қадар кучли бўлмаганида, бу ҳодиса ёпиқлигича қоларди.

Бедарак йўқолган одамни қидириш пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўшниларни ҳам айланиб чиқишган. Улардан бири Миржалол унга паспортини гаров сифатида бергани учун Россияга кетолмаслигини айтган. Кейинчалик, ахлатдан оёқ кафти суяклари ҳам топилган. Генетик текширув натижалари туфайли мутахассислар топилган суяклар бедарак йўқолган Миржалолга тегишли эканлигини аниқлай олишган.

Шундан сўнг тезкор гуруҳ Миразам Ахмедовнинг уйига боришган, у эса терговчиларни маст ҳолда қарши олган. У ўзини ҳужумдан ҳимоя қилиб, ўғлини ўлдирганини айтган. Энг қизиғи шундаки, шу пайтда чордоқнинг болорларидан бири қулаб, у ерда яширинган мурда ҳовлига тушиб кетган. Шундан сўнг, эркак ИИББга олиб кетилган. Сўроқ пайтида у уни тушунишни ва кечиришни илтимос қилган, чунки эркакнинг айтишича, у ўзини ҳимоя қилган холос.

Терговчини айрим нарсалар таажжубга солган. Масалан, марҳумнинг синглиси айтишича, турмушга чиққанига қадар акаси ва отаси билан бирга яшаган. Бироқ, маст ота бир неча маротаба унга тегажоқлик қилиб, зўрламоқчи бўлган. Хушёр тортгач, эркак қизини жим юришга мажбур қилган. Акс ҳолда уни сўйиб ташлаш билан қўрқитган.

Вафотидан олдин аканинг сўзларига кўра, отаси иккинчи маротаба уйланмоқчи, шу боис уни уйдан ҳайдашга уринган. Агар уйдан кетмаса, уни ўлдириш билан таҳдид қилган. Миржалолнинг айтишича, ота бошқа аёлни уйга келтирган, ўғил эса уларга ҳалал берган.

Жасад ўрганилгандан сўнг олинган хулосага кўра, бу ўз-ўзини ҳимоя қилиш бўлмаган. Аксинча, қасддан қотиллик қилингани исботланган. Жасадга оғир жисмлар билан зарбалар берилган.

Исботлар таъсирида эркак айбини тан олган. Жанжалдан сўнг, у қўлига таёқни олиб, ўғлининг бошига зарба берган, сўнгра кетмоннинг дастаси билан қовурғаларига урган.

Эркак 11 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.