“Пахтакор” стадионида мухбирлар дўппослангани бўйича жиноят иши очилди. ИИВ ўз ходимларини мутлақо айбсиз деб айтганди

Улашиш:

“Sevimli” телеканалининг икки мухбири калтакланиб, улардан бирининг жағ-тиши синдирилган ҳолат бўйича прокуратура томонидан “Мансаб ваколатидан четга чиқиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ходимларнинг айби йўқлиги, мухбирлар муштлашув келтириб чиқарган фанатлар ичига тушиб қолганини айтганди.

11 июн куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубогининг чорак финали доирасида Ўзбекистон–Ироқ ўйинини ёритишга борган "Sevimli" телеканали мухбири ва тасвирчиси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан эди.

Бош прокуратура ахборотига кўра, ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

“Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилди”, дейилади хабарда.

Хабарда жиноят ишига гумонланувчи сифатида неча киши жалб этилгани айтилмаган.

Kun.uz воқеа тафсилотларини ҳар икки томоннинг нуқтайи назари асосида ёритган эди. Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи томон – журналист ва тасвирчи уларни 6-7 нафар ички ишлар ходими ва 1 нафар миллий гвардия зобити калтаклаганини иддао қилганди.

Воқеада жабрланган тасвирчига жағ-тиш синиши ташхиси қўйилганди. Уларнинг техникаларига ҳам шикаст етказилган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг версиясига кўра, “Sevimli TV”нинг икки ходимини орган ходимлари дўппосламаган – улар стадионда бўш жой қолмаганига қарамай, ичкарига кириш учун жанжал уюштирган мухлислар ўртасидаги муштлашув вақтида жароҳатланган.

Ғиёсов у ерда ким билан ким муштлашганига ойдинлик киритмасдан, телеканал оператори шу муштлашув вақтида жароҳатланганини иддао қилганди.

ИИВ мулозими ҳолат юзасидан текширув тайинлагани ҳақида хабар берганига бир ойдан ошди, текширув натижалари ҳақида маълумот эълон қилинмади.

  • Маълумот ўрнида, воқеа юзасидан АОКА, Масс-медиа фонди ва Журналистлар уюшмаси баёнот бериб, ҳуқуқ органларидан воқеа юзасидан холис текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашни талаб қилганди.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.