Тошкентда танишининг интим суратларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган йигит ушланган

Улашиш:

ИИББ маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда танишининг интим суратларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган йигит ушланган.    

“26 ёшли Олимжон таниш аёлнинг ишончига кириб олиб, уни шантаж қилишни бошлаган. У шахсий ҳаётга тегишли видеолавҳаларни тарқатмаслик учун 900 доллар талаб қилган”, - дея маълум қилмоқда ҳуқуқ тартибот идораси.

“Биз шу йилнинг февраль ойида танишдик, ижтимоий тармоқлар орқали ёзишиб турдик, гоҳида учрашдик. Июнь ойида ундан ички кийимсиз суратларини юборишни сўрадим. У бошида рози бўлмади, кейинчалик бир нечта видеофайлларни юборди. Маълум муддат ўтгач, менга пул керак бўлиб қолди ва қўлимдаги видеолавҳалардан фойдаланиб, уни шантаж қила бошладим”, - деди йигит.

Июль ойининг бошларида Олимжон таниш аёлидан 400 доллар олиб, уни тинч қўйишга ваъда қилган. Бироқ, сўзининг устидан чиқмасдан, яна товламачилигини давом этган ва қолган 500 долларни сўрай бошлаган. Бунча чидай олмаган қиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор тадбир давомида Сергели-2 мавзесида пулни олаётган пайтида йигит қўлга олинган. Гумон қилинувчига нисбатан Жиноят Кодексининг 165 (товламачилик) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган ва у қамоққа олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.