News time: Енгил жазо берилган педофиллар, референдум тарғиботи, очилган йўл ва кўприк

Улашиш:

Хоразмда давлат амалдорлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келгани маълум бўлди

Давлат қарамоғидаги ёш қизларнинг давлат амалдорлари томонидан жинсий алоқага мажбурланиши, суд эса айбдорларга “шунчаки тунда уйингда ўтирсанг бўлди” қабилида жазо тайинлагани резонансга сабаб бўлмоқда. Суд ҳукми устидан на прокуратура ва на болалар омбудсмани шикоят қилган. Ҳолат юзасидан олтита давлат идораси муносабат билдирди, фақат прокуратура ҳозирча сукут сақламоқда.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар тарбияланувчиси ойлар давомида жинсий алоқага мажбурлаб келингани ва жиноятчиларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани жамоатчиликни жунбишга келтирди. Расмий идоралар ҳодиса юзасидан баёнотлар билан чиқмоқда.

Ҳолатга Президент администрацияси мулозимлари Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди.

“Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди!” – дея ёзди Администрация раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, кимёвий кастрация жазоси дунё тажрибасида, хусусан Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва бошқа давлатларда бор. “Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан”, – деди у.

Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева Бош прокуратурадан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

“Хоразмда юз берган фожиа жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир.

Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман.

Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли “лазейка”ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган”, деди Мирзиёева.


 Жиззахда референдум тарғиботига бағишланган оммавий тарғибот тадбири ўтказилди

Жиззах шаҳрида  "Ўзбекистон - ёшлар мамлакати" шиори остида катта гала концерт дастури ташкил этилди.

Унда вилоятда фаолият юритаётган 5 та олий таълим муассасаларининг талабалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Самбҳрам университети ҳовлисида ўрнатилган саҳнада сўз олганлар минг нафардан ортиқ ёшларга  конституция ислоҳотларида фаол бўлишга чақирди.

Байрам концерт дастури форматида ўтказилган тадбирда санъаткорлар, жиззахлик таниқли шахслар чиқиш қилиб, вилоят аҳолисини шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол бўлишга ва иштирок этишга чақиришди.

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот тадбирлари республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.

Жиззахда 522 та референдум участкаси тузилди

Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 4-Жиззах округ комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда, 4-Жиззах округ комиссияси раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари ҳамда ОАВ ҳодимлари иштирок этди. Мажлисда 4-Жиззах - Референдум округида Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказиш бўйича референдум участкаларини тузиш масаласи кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига асосан округ комиссияси Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказиш бўйича референдум участкаларини шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари тақдимномаларидан келиб чиққан ҳолда тузади.

Мажлисда шаҳар ва 12 та туман ҳокимларининг ташкилий-кадрлар гуруҳлари раҳбарлари иштирок етиб, мазкур сайлов участкалари тўғрисида тақдимот қилдилар.

Якунда Жиззах шаҳри ва 12 та туман ҳудудлари бўйича 522 референдум участкаларини тузиш бўйича қарор қабул қилинди. 

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди грант учун 2-та танлов эълон қилди 

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури ижросини таъминлашда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда “Инсон манфаатлари хар нарсадар устун” мавзусида давлат гранти учун 2 та танлов эълон қилинди. Битта лойиҳа учун ажратиладиган маблағ миқдори – 50.000.000
(эллик миллион)
 сўм деб эълон қилинди. 

Жиззах шаҳридаги "Сангзор" дарёсидан кесиб ўтувчи кўприкни таъмирлаш ишлари якунига етди

Шаҳримизнинг "Боғишамол" маҳалласи ҳудудида "Сангзор" дарёсидан кесиб ўтувчи кўприкни таъмирлаш ишлари  ниҳоясига етиб, фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов ва маҳалла фаоллари сўзга чиқиб, қисқа вақтда кўприкни фойдаланишга топширган мутасаддиларга миннатдорчилик билдиришди.

Мазкур кўприк Давлат аҳамиятидаги 4Р-35 "Жиззах ш-(4Р38 автойўли)-Пахтакор ш-Дўстлик ш- Гагарин ш-М39 автойўли(918км) " автомобил йўлининг 0.164 кмда жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Президентимизнинг 2022 йил 22-октябрдаги  “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 408-сонли қарори асосида таъмирлани. Лойиҳа қиймати 3,1 млрд сўмни ташкил этади. Кўприкни узунлиги 67 м ҳаракатланиш қатнов қисми 9 м,  юк кўтариш қуватти эса ҳар бир ўққа 8 тоннадир.

Яна бир янгилик, Жиззах шаҳрининг марказий Шароф Рашидов шоҳ кўчасида иккита ер ости йўли ва йўл қисми 3 қатордан 4 қаторга кенгайтириш ишлари амалга оширилаётгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. 

Куни кеча мазкур йўл қисмидаги таъмирлаш ишлари якунланди ва  йўлнинг кенгайтирилганлиги  иккита ер ости йўлининг йўл қисмида ишлар якунлангани муносабати билан йўл қатнов қисми ҳаракатланиш учун очилди.

Эслатиб ўтамиз феврал ойининг сўнгги кунларида ушбу ишлар бошланган ва натижада автомобиллар қатнов юкламаси Сайилжойи ва Ислом Каримов кўчаларида кўпайиб, сунъий тирбандлик юзага келаётган эди. 

Ошаётган ойлик, ошаётган жарималар

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистонда Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилмоқда. Фақат пенсия ва нафақаларнинг ошиш муддатини 1 апрелдан бўлса, иш ҳақининг ошиши 1 майдан деб белгиланган. 

1 майдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгиланди.

Аммо доимгидек одамлар маоши ошганини танида ҳис қилмасидан, қўлига ошган маошини олмасидан нархларнинг кўтарилиши бошланди. Масалан жорий йилнинг 1 майидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарнинг миқдори оширилмоқда. 

Бу жорий йилнинг 1 апрелидан базавий ҳисоблаш миқдори ортиши билан амалга оширилади. Сабаби жарималар базавий ҳисоблаш миқдори билан белгиланган.

Масалан оддий камар тақмаслик учун аввал 150 минг сўм жарима тўлаган бўлсангиз, энди унинг қиймати 165 минг сўмни ташкил қиляпти. Ёки светафорнинг қизил чироғида ҳаракатланишга 600 минг, телефонда гаплашганлик учун 900 минг жарима тўлаган бўлсангиз, эндиликда бу миқдор мос равишда 660 минг ва 990 минг этиб белгиланган. Хуллас, бугунгача тўлаб юрган жарималарингизни 10 фоиз қимматроқ ҳисоблашни ўрганаверинг. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.