Инсон организми ички органлар, суяклар ва тўқималарнинг мураккаб механизмидир. Тизимдаги носозликлар оғриқ билан характерланади: тортувчан, ўткир, кам-кам ёки доимий. Агар у оғриқ чап томонда кузатилса, бу нимани англатади? Келинг, қуйида буни аниқлашга ҳаракат қиламиз.
Нима учун чап томон санчиб оғрийди?
Бу саволга аниқ жавоб беришнинг иложи йўқ, аниқ ташхис қўйиш учун шифокор текширувидан ўтиш керак, у муаммонинг илдизини топибгина қолмай, балки тегишли даволаниш чорасини ҳам кўради. Чап томонда оғриқнинг энг кўп тарқалган сабаблари:
- Агар санчиқ чап томонда қовурғалар остида бўлса, эҳтимол, сизга гастроэнтеролог ёрдами керак. Ошқозон билан боғлиқ муаммолар диетага риоя қилмайдиган, етарли миқдорда сув ичмайдиган ва муддати ўтган овқатларни истеъмол қиладиганлар учун одатий ҳодисадир. Ўткир оғриқлар ошқозон яраси пайдо бўлишининг аломати бўлиши мумкин ва босимли оғриқ гастрит аломатидир.
- Ошқозон ости бези билан боғлиқ муаммолар, масалан, панкреатит чап томондаги оғриққа сабаб бўлади. Бундай оғриқли ҳолат спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, шўр ва ёғли овқатларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Бу ҳолатда оғриқ санчиқли бўлиб, қорин бўшлиғи бўйлаб тарқалиши ва қусиш билан бирга кечиши мумкин.
- Талоқнинг ёрилиши ёки яллиғланиши, шунингдек, чап қовурға остида кучли ўткир оғриқлар билан кечади. Йиринг тўпланган тақдирда иситма кузатилади, киндикда бир оз кўкаришлар учрайди. Бу ҳолда беморни дарҳол касалхонага олиб бориш керак.
- Талоқ билан боғлиқ муаммолардан ташқари, оғриқ буйракнинг ўткир яллиғланишини, масалан, пиэлонефрит касаллигини кўрсатиши мумкин. Бундай касалликнинг аломатлари жуда оғир: иситма, чап қовурға остида ва белнинг пастки қисмида ўткир оғриқлар, қусиш, тез-тез пешоб чиқариш ва ҳ.к. Беморни шифокорга олиб бориш, ҳеч қандай ҳолатда мустақил даволашга ҳаракат қилмаслик лозим.
- Агар аёлларда қориннинг пастки қисмининг чап томонида санчиқли оғриқ бўлса, бу юқумли гинекологик касалликларнинг, яъни тухумдоннинг яллиғланиши ва саратон ўсмаларнинг мавжудлиги аломати бўлиши мумкин.
Мумкин бўлган касалликлар рўйхати юқоридагилар билан чекланмайди. Хавфли гуруҳларга миокард инфаркти, буйрак коликаси, миозит, радикуляр синдром, бел остеохондрози ва бошқалар киради. Фақатгина мутахассис тўғри ташхис қўяди. Текширувдан сўнг керакли тестларни топшириб, натижаларни олгандан сўнг, шифокор муаммонинг илдизини топишга, оғриқни йўқотишга ёрдам берадиган дорилар ва муолажаларни белгилайди.