Деноминация қилиш режаси йўқ — Марказий банк

Улашиш:

Марказий банк пул бирлигининг деноминация қилиниши, яъни 1:10 000 нисбатда янги пул белгиларига алмаштирилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

Марказий банк ижтимоий тармоқларда тарқалаётган пул бирлигининг деноминация қилиниши, яъни 1:10 000 нисбатда янги пул белгиларига алмаштирилиши ҳамда эски ва янги пул белгилари 2025 йилгача параллель равишда муомалада бўлиши тўғрисидаги хабарлар асоссизлигини маълум қилди.

«Ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас, бугунги кунда пул бирлигини деноминация қилиш масаласи ҳукумат ва Марказий банк томонидан кўзда тутилмаган», — дейилади регулятор хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2019 йилнинг августида ҳам деноминация ўтказилиши кўзда тутилмаётганини қайд этганди.

«Деноминация оддий нарса эмас, бу шунчаки учта нолни олиб ташлаш эмас. Бу катта иқтисодий тайёргарлик, иқтисодий харажатларни талаб қилади. Биз учун буни амалга оширишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ», — деган эди ўшанда Мамаризо Нурмуратов.

Марказий банк раҳбари қайсидир давлат деноминация ўтказмоқчи бўлса, у аввалига иқтисодий барқарорликка эришиб олиши зарурлигини ҳам қўшимча қилганди.

«Биз аввалига иқтисодиётга бозор механизмларини жорий этамиз. Бу ғояни [деноминация ҳақидаги] унутишингиз мумкин. Марказий банк раиси сифатида ҳаммага етказишни хоҳлар эдимки, ҳеч ким деноминация қилиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўргани йўқ», — деганди Мамаризо Нурмуратов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.