Жиззахда 57 киши овқатдан заҳарланди

Улашиш:

Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида таомланган 57 киши заҳарланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилди. Уларнинг 11 нафарига ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди, 46 нафарининг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Прокуратура ҳолатни ўрганяпти.

25−26 июнь кунлари Жиззах шаҳрида 57 нафар фуқаро овқатдан заҳарланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилди. Вилоят прокуратураси хабарига кўра, улар ич кетиш ва тана ҳарорати кўтарилишидан шикоят қилган ва тиббий муолажа учун шифохонага ётқизилган.

«Беморларнинг 11 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, 46 нафари қониқарли аҳволда», — дейилади хабарда.

Шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилаётган терговга қадар текширув давомида беморлар Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида овқатлангани аниқланди. Ҳодиса жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотларининг намуналари бўйича ва барча беморларга нисбатан тегишли экспертизалар тайинланиб, соҳа мутахассислари жалб этилди.

Вилоят прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан назорат ўрнатди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.