2,4 миллиондан ортиқ уй-жой «ўзбошимчалик билан эгалланган» – Кадастр агентлиги

Улашиш:

Бугунги кунда Ўзбекистонда 3,8 миллиондан ортиқ яъни 493 минг гектар ер участкаларининг ҳужжатлари йўқ. Бу ҳақда Кадастр агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Жорий йилнинг 5 август санасида қабул қилинган «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуннинг мақсади ҳам ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат», – деди Агентлик Бошқарма бошлиғи Беҳзод Нишонов.

Қайд этилишича, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ўрганилганида уларнинг расмийлаштирилмаган асосий 8 та ҳолати белгилаб олинган.

Улар:

  • 2018 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  •  «бир марталик акция» доирасида ҳуқуқларини эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер;
  • боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
  • кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
  • давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
  • ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.

Жумладан, ҳозирги кунда «бир марталик акция» доирасида ҳужжатлари расмийлаштирилиши бошланган, лекин якунига етмаган 60 мингдан зиёд ҳолат бор. Шунингдек, кичик саноат зоналарида жойлашган 1 200 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг ерларини расмийлаштириш ишлари тугатилмаган. Худди шундай, туманларда ҳоким қарори билан уй-жойга мулк ҳуқуқи эътироф этилиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланмай қолган кўплаб ҳолатлар мавжуд. Қонунда ана шуларнинг барчасини расмийлаштириш назарда тутилган.

Матбуот анжуманида, шунингдек, қонунчиликда ҳужжатлари сақланиб қолинмаган ер ёки бино-иншоотларга нисбатан ҳам «ўзбошимчалик билан эгалланган» деган таъриф қўлланилиши айтиб ўтилди. Масалан, ўтган асрда ажратилган ерларнинг кўпи шундай ҳолатда, яъни қайсидир сабабларга кўра ҳужжатлари сақланмаган. Ҳозирги кунда юртимиздаги 2,4 миллиондан ортиқ уй-жой шу ҳолатда турибди. Уларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, қонуний ечимлари берилади.

Эслатиб ўтамиз, Қонун имзоланган вақтдан бошлаб уч ойдан кейин, яъни 2024 йил 8 ноябр куни кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.