Ўзбекистон Қирғизистонга нега ер бермоқда? Бош вазир муҳим маълумотларни ошкор қилди

Улашиш:

Интернетда айтилгандек, Ўзбекистон Андижон (Кампиробод) сув омбори ўрнига 19,5 минг гектар ер беряпти, деган хабарлар нотўғри. Айни ҳозирги келишувда 13 минг 719 гектар яйлов ер бериш назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Бу ер нимага бериляпти?

Берилаётган ернинг 1 минг 19 гектари Андижон сув омборига ажратилган ернинг компенсациясидан қолган қисми учун. Яъни сув омбори ҳудуди аслида 5 минг гектар. Ўзбекистон ўша совет пайтида 4 минг гектар берган холос. Яъни қарзимиз бўлган. Шу қарзни узиш учун.

Совет пайтидаги келишув шартномасида биз яна битта мажбурият олган эканмиз. Ўзбекистон ҳудудидан канал тортиб, Боткен вилоятига сув обориб беришимиз керак бўлган. Лекин бу қилинмаган. Қирғизлар буни доим даъво қилишган, чегара бўйича келишув бўлиши учун энг аввало бу мажбуриятни бажаришни сўрашган. Қирғизларнинг даъвоси бўйича, канал орқали сув бормагани учун 8 мингдан 18 минг гектаргача ерни экин ери сифатида ўзлаштиролмаганини айтишган.

Биринчидан, энди бунақа канал қуриш жуда қиммат. Иккинчидан, канал қуриш учун Андижон ва Фарғонадаги 20 дан ортиқ қишлоқ аҳолисини кўчириш керак бўлади. Учинчидан, 2 минг гектар Ўзбекистон экин ерлари канал учун кетиб қолади. Шу сабабли Ўзбекистон бу мажбурият ўрнига 12 минг 709 гектар яйлов ер бермоқда. Қирғизлар кўпроқ ер сўраган, лекин савдолашилган.

Наманган вилояти Ғовасой участкасидаги тоғли ҳудуддан берилаётган 12,7 минг гектар яйлов ерининг 6 минг гектари шундоқ ҳам баҳсли ер бўлган. Ҳозир амалда у ердан қирғиз фуқаролари фойдаланмоқда.

Демак, 8 минг гектар экин ер ўрнига 12,7 минг гектар яйлов ер зарарни қоплаш учун берилди (унинг ярми баҳсли ер). Чегара низоларида 1 гектар экин ери ўрнига одатда 2,5 баравар яйлов ери берилади.

Шу билан Ўзбекистон канал қуриш мажбурияти (қарзи)дан қутулади ва Андижон сув омбори устидан Ўзбекистон назорати юзасидан азалий низолар бартараф этилади.

Шунингдек, Қирғизистон томони билан яна қуйидагича ер олди-бердиси бўйича келишувлар қилинган:

Ўзбекистонга:

1) Андижон (Кампиробод) сув омборини бошқариш учун Қирғизистоннинг 19,5 гектар ери Ўзбекистонга берилмоқда;

2) 10 та аҳоли пунктини алмашиш юзасидан Қирғизистоннинг 429 гектар ери Ўзбекистонга берилмоқда.

Қирғизистонга:

1) Косонсой ва Чуст ерларини суғоришдаги асосий манба бўлган Қирғизистон ҳудудидаги 850 гектар ҳудудда жойлашган Косонсой сув омбори учун Ўзбекистоннинг Чуст, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларидан 477 гектар ер компенсация тарзида Қирғизистонга берилмоқда (шу ерларнинг 105 гектари шундоқ ҳам баҳсли бўлган ва Қирғиз фуқаролари яшайдиган Чустдаги Қорақўрғон ҳудудидир);

2) 10 та аҳоли пунктини алмашиш юзасидан Ўзбекистоннинг водий вилоятлари ҳудудидан 294 гектар ер Қирғизистонга берилмоқда. Эвазига Ўзбекистон 429 гектар ер Қирғиз ерини оляпти.

Қирғизистон билан чегара битими бўйича:

  • Ўзбекистон чегара чизиғида тахминан 130 атрофида хонадонни кўчиришга тўғри келади, бунинг учун 50 млрд сўм атрофида компенсация кўзда тутиляпти;
  • Қирғизистонга тоғли ҳудуддан берилаётган яйлов ери эвазига “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган ҳеч бир гидротехник ва бошқа иншоотлар қурилмайди, сувнинг техник ифлосланишига йул қўймайди.
  • Сўх эксклавига кириб-чиқиш учун алоҳида коридор кўзда тутилмаяпти, балки ўзаро келишув асосида чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилади.

Қонунлар сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

«Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, Сенатга юборилди;

«Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.