Маъмурий судлар томонидан ҳал этиладиган масалалар

Улашиш:

Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, шунингдек, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қонунга хилоф қарорлар, ҳаракатлар ва ҳаракатсизлик устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси билан кафолатланган.

Давлатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш доирасида суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суд мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш ҳамда суд ишларини ташқи таъсирлардан холи ҳолда ҳал қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.

Маъмурий судларнинг шаклланиши ва ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли Фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Шунингдек, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби

Фуқаролар ва юридик шахслар маъмурий судга ариза (шикоят) ёки илтимоснома шаклида мурожаат қилишлари мумкин. Апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат қилишда эса шикоят (протест) шаклида тақдим этилади.

Маъмурий судлар ваколатига кирувчи масалалар

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ, маъмурий судлар қуйидаги масалаларни кўриб чиқади:

  • Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолар;

  • Давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг қонунга зид қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги бўйича шикоятлар;

  • Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолар;

  • Нотариал ҳаракатлар ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш бўйича низолар;

  • Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёки белгиланган муддатда ўтказмаслик бўйича шикоятлар;

  • Инвестиция низолари;

  • Рақобат қоидаларини бузиш билан боғлиқ низолар;

  • Маъмурий ва оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ижро ҳужжатлари устидан шикоятлар.

Маъмурий судлар шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.

Аризачи ўз аризаси (шикояти) билан бирга, унинг талаблари билан боғлиқ бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ҳ. Ёров - Жиззах вилояти маъмурий суди раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.