Германияда ғайриоддий ҳолат аниқланди: Шимолий Рейн-Вестфалиянинг Везел шаҳридаги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси 2009 йилдан бери расмий равишда касаллик таътилида бўлиб келган. Шу муддат мобайнида у бирорта дарс ўтмаган, аммо ҳар ойда 6,1 минг евро (салкам 90 млн сўм) маош олиб турган.
16 йил ичида ўқитувчига жами 1 миллион евро атрофида маблағ тўланган. Мактаб раҳбарияти алмашгандан кейин вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилинди ва ўқитувчи тиббий кўрикдан ўтиши талаб қилинди. Аммо у бу қарорга рози бўлмай, муассасани судга берди. Суд эса мактаб фойдасига ҳукм чиқарди ҳамда ўқитувчига 2,5 минг евро суд харажатини қоплаш мажбуриятини юклатди.
Судя ушбу ҳолатни «ҳайратланарли ва тушунарсиз» деб атади. Чунки ўқитувчи 16 йил давомида бирон марта ҳам ишга чиқмаган, аммо доимий равишда касаллик варақаси тақдим этган.
Германия қонунчилигига кўра, ўқитувчилар давлат хизматчиларига тенглаштирилган бўлиб, улар вақт бўйича чекланмаган касаллик таътилида тўлиқ маош олиш ҳуқуқига эга. Ўқитувчи аёлга фақат бир нарса панд берди — касаллик таътили даврида тиббиётга ихтисослашган стартап, яъни ўз бизнесига асос солган, бу эса қонунчиликни жиддий бузиш ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, бу воқеа Германия таълим тизимидаги камчиликларни кўрсатиб бермоқда. Яъни, узоқ йиллик таътиллар устидан самарали назорат мавжуд эмас ва бу суиистеъмолларга олиб келиши мумкин.