Арнасой аэропорти: 11 млн доллар сармоя натижа берaдими?

Улашиш:

Жиззах вилоятида хизматлар ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Энг муҳим воқеа — Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда 11 миллион доллар инвестиция ҳисобига Арнасой аэропорти кенгайтирилиши. Бу қарор президентнинг 2026–2027 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган фармонида белгиланган. Лойиҳа доирасида аэропорт катта самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлади, бу эса туризм ва логистика соҳалари учун янги имкониятларни очади.

Аэропортнинг кенгайиши Жиззахнинг транспорт инфратузилмасини кучайтиради. Сентябрда Арнасой туманида қурилиши давом этаётган аэропорт синов тариқасида биринчи самолётни қабул қилган эди. Uzbekistan Airways’нинг LET-410 ҳаво кемаси орқали техник имкониятлар текширилди. Президент Шавкат Мирзиёев декабр ойидаги сессияда аэропорт катта самолётларни ҳам қабул қила олиши зарурлигини таъкидлагани, бу йўналишдаги сиёсий иродани кўрсатади.

Шу билан бирга, Жиззах вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган. Арнасой, Бахмал, Зафаробод, Фориш ва Шароф Рашидов туманларида 5 та йирик туризм комплекслари қурилиши, 25 та маҳаллада туризм хизматлари ва объектлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу жараёнга маҳаллий ва хорижий компаниялар, консалтинг ташкилотлари жалб қилиниши, лойиҳаларнинг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлайди.

Инфратузилмани ривожлантиришда йўллар ва сервис объектлари алоҳида аҳамиятга эга. Вилоят ҳудудидан ўтган 158 км халқаро ва 1,4 минг км давлат аҳамиятидаги йўллар бўйида 1000 та савдо, логистика ва хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилиши кўзда тутилган. Бу нафақат туризм, балки маҳаллий иқтисодиётнинг кенг қамровли ўсишига хизмат қилади. Шаҳар ва туман марказларида истироҳат боғлари, 100 та маҳаллага хизмат кўрсатувчи гавжум кўчалар ташкил этилиши аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган.

Жиззах вилоятида туризм лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва бошқариш учун махсус давлат муассасаси — «Жиззах вилоятида туризм лойиҳалари ва инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти» ташкил этилади. Бу департамент туризмга ихтисослашган туманларда электрон аукцион орқали сотиладиган ер участкаларидан тушган маблағларни инфратузилма ва департамент фаолиятини молиялаштиришга йўналтиради. Молиялаштиришнинг бундай модели туризм соҳасидаги лойиҳаларнинг барқарорлигини таъминлайди.

Шунингдек, Янги Жиззах шаҳри қурилиши ҳам вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим босқич ҳисобланади. 40 гектар майдонда қуриладиган шаҳарда 50 та кўп қаватли уй, маъмурий марказ ва ижтимоий объектлар барпо этилади. Инфратузилма ва ягона жамоат транспорти яратилиши Жиззахнинг урбанистик қиёфасини ўзгартириши мумкин.

Аэропорт кенгайиши ва туризм инфратузилмасига йирик инвестициялар киритилиши Жиззах вилоятини мамлакатнинг муҳим туризм ва логистика марказларидан бирига айлантириши мумкин. Бу жараёнда энг катта савол — лойиҳаларнинг амалий самарадорлиги ва уларнинг аҳоли турмушига қандай таъсир кўрсатиши. Агар режалар тўлиқ амалга ошса, Жиззах нафақат ички туризмда, балки халқаро йўналишларда ҳам рақобатбардош ҳудудга айланиши эҳтимолдан холи эмас.


2014-2026 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.