Тунги вақтда бошқарувни йўқотган ҳайдовчи автоуловидаги йўловчининг ўлимига сабабчи бўлди

Улашиш:

2020 йилнинг 06 сентябрь куни соат 20:20 ларда 43-ёшли  М.Б., ўзининг бошқарувида бўлган “Cobalt” русумли автомашинаси билан Шеробод тумани “Вандоб” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи маҳаллий ички йўлда “Вандоб” маҳалласидан “Чорбоғ” маҳалласига қараб катта тезликда ҳаракатланиб кетаётганида, автомашинанинг бошқарувини йўқотиб, йўлнинг чап томон чеккасига чиқиб, ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.

ЙТҲ оқибатида “Cobalt” русумли автомашинада бўлган йўловчи 34-ёшли Ш.С., тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган. Ҳайдовчи эса енгил тан жароҳати олиб тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Дастлабки маълумотларга қараганда йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишига сабаб маҳаллий йўлга шағал тош ётқизилган жойда тезликни ошириб ҳайдаганлиги тахмин қилинмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Шеробод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  Ҳурматли ҳайдовчилар, йўлларда ҳаракатланганда белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ амал қилишингизни ҳамда ҳушёрликни оширишингизни сўраймиз, зеро йўлдаги биргина хато бошқаларнинг ҳаётига хавф солишини унутманг!

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.