Жиззахда Cobalt ағанади, Бухорода Nexia-3 анҳорга тушиб кетди. Йўллардаги бахтсиз ҳодисалар тафсилотлари

Улашиш:

Ўзбекистон йўлларида сўнгги кунларда содир бўлган ҳодисалар тафсилотларини тақдим этамиз.

Жиззахда Cobalt ағдарилди


2022 йилнинг 15 январь куни соат 19:40 ларда Фориш туманидан ўтган 4Р-36 Жиззах–Фориш–Қизилча автомобиль йўлининг 29-километрида Cobalt автомобили ҳайдовчиси ўзидан аввалги автомобилни қувиб ўтишда рул бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига чиқиб, ағдарилиб кетган.

Оқибатда автомобилдаги йўловчи олган тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Бухорода тўқнашув оқибатида Nexia-3 анҳорга тушиб кетди

Бухорода Nexia-3 ҳамда Cobalt автомашиналарининг ўзаро тўқнашуви оқибатида Nexia-3 катта анҳорга тушиб кетди. Жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Миржон Файзуллаев хабар берди.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг 19 январь куни соат 10:45 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси диспетчерлик хизматига Бухоро шаҳри ва Бухоро туманлари ҳудудидан кесиб ўтувчи катта «Жўйбор» анҳорига Nexia-3 автомашинаси тушиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган. Қутқарув гуруҳи воқеа жойига соат 10:54 да етиб борган. Ғаввослар ҳамда аҳолининг тезкор кўмаги билан автомашина соат 11:35 да катта анҳордан чиқариб олинган.

Ҳолатга кўра, Жўйбор анҳори йўлидан ўзига тегишли бўлган Nexia-3 автомашинасида ҳаракатланиб бораётган фуқаро С.А. йўлнинг айланма қисмидан машинасини қатнов йўлига буриб олиши пайтида унга қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган Cobalt автомобили келиб урилган. Тўқнашув оқибатида С.А. бошқарувни йўқотиб қўйган ва автомашинаси анҳорга томон сирпаниб кетган.

«Nexia-3 ҳайдовчиси тўқнашув оқибатида бошқарувни йўқотиб қўйган бўлса-да, ҳодиса чоғида сергаклик билан машинадан сакраб тушишга улгурган. Машина салонида бошқа ҳеч ким бўлмаган», – дейди Миржон Файзуллаев.

Маълумот берилишича, ҳодиса натижасида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Cobalt’нинг орқа томонига тўқнашган Spark автомобилида ёнғин юзага келди

2022 йил 20 январь куни соат 20:45 ларда, Навоий вилояти, Навоий шаҳри, I.Каримов кўчасида ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Ф.М. Spark русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, ўзи билан бир йўналишда, олдинда бўлган ҳайдовчи, 1991 йилда туғилган К.I. бошқарувидаги Cobalt русумли автомобилнинг орқа томонига тўқнашган ва зарб оқибатида Spark автомобилининг двигатель қисмида ёнғин юзага келган.

ЙТҲ ва ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Ёнғин бартараф этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.