Қирғизистонда навбатдаги рангли инқилоб рўй бердими? Президентнинг тақдири нима бўлади энди?..

Улашиш:

5 октябрь куни Қирғизистон яна норозилик намойишлари домида қолди. Аксилҳукумат чиқишларига 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловида асосан иқтидордаги арбобларга тегишли партия вакилларининг ғалаба қозонгани, мухолифат номзодларининг сайлана олмагани сабаб бўлди.

Ҳуқуқ идоралари вакиллари дастлаб намойишчиларни куч билан тарқатиб юборишга уринди, аммо вазиятдан аллақачон издан чиққан, норозилик акцияси халқ ғалаёнига айланиб кетган эди. 6 октябрь тунида Бишкекдаги норозилик намойиши иштирокчилари ўзанидан тошган дарё каби маъмурий бинолар, хусусан, Оқ уйга ёпирилиб кирди. Кўп ўтмай президент ва парламент фаолият юритган бинода ёнғин чиқди.

Норозилик намойиши қатнашчилари қамоқдаги сиёсатчилар, жумладан, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни озод қилди.
Кучли босим остида мамлакат бош вазири, парламент раиси ҳамда йирик вилоятлар ҳокимлари истеъфо беришга мажбур бўлди. Марказий сайлов комиссияси эса 4 октябрь кунги сайлов натижаларини бекор қилди.

«Бутун Қирғизистон» партияси раҳбари Адахан Мадумаров раислигида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Мухолифат вакилларидан ташкил топган кенгаш мамлакатда муваққат бошқарувни қўлга олган.

Хўш, Қирғизистонда навбатдаги рангли инқилоб рўй бердими? Халқ ғалаёнларининг асосий сабаби нима?

«Қирғизистонда рўй бераётган ҳодисалар сиёсатчилар ва ҳукуматнинг ақлга суянмай иш тутгани оқибатидир. Бу ўринда Москва ёки Пекиннинг таъсири ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», – дейди Марказий Осиё бўйича таниқли мутахассис, политолог Аркадий Дубнов.


Сиёсатшуносга кўра, мамлакат анъанавий тарзда жануб ва шимол вакиллари томонидан идора этиб келинган. Дейлик, давлат тепасига жануб вакили келса, бошқарув парадигмаси ҳам шунга мувофиқ тарзда ўзгаради. Амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков жанубий клан вакили саналади.

«Жээнбеков мамлакатни атиги 3 йилдан бери бошқармоқда. Мамлакат жуда қашшоқлашган, янги сармоялар жалб этиш имконсиз, бунинг устига, расмий Бишкек бўғзигача қарзга ботган, асосий қарз берувчи эса Хитойдир. Айниқса, пандемиядан кейин аҳвол янада оғирлашди», – дейди. А.Дубнов.

4 октябрь сайловида амалдаги президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков ҳамда коррупцияга доир жиноятларда айбланиб келаётган собиқ божхона амалдори Раим Матраимов бошчилигидаги икки партия ғалаба қозонгани хабар қилинган эди. Таҳлилчи А.Дубновга кўра, президентнинг укаси ҳамда коррупцияда айбланган шахснинг сайловда қатнашиши, боз устига, узил-кесил ғалаба қозониши мухолифатнинг ғазабини келтирган. Қолаверса, агар сайлов натижаси қонуний деб топилганда, парламент жануб клани назоратига ўтар, шу тариқа шимолликлар манфаатига зид вазият юзага келар эди...

А.Дубнов Қирғизистондаги халқ ғалаёнини якунига етмаган давлат тўнтариши деб баҳолайди. Негаки, ҳозирча амалдаги президент номинал ҳолатда бўлса-да, давлатни бошқариб турибди.

«Қирғизистон демократия ва сўз эркинлиги борасида Марказий Осиёдаги қўшниларидан қанчалик олдинда бўлмасин, мамлакат сиёсий саҳнаси айнан Марказий Осиё ва янада кенгроқ постсовет маконига хос ёлғончи ва ҳар вазиятдан ўз манфаати учун фойдаланувчи «элита» билан тўлган. Айнан шу элитанинг маълум даврда кўпроқ қудратга эга бўлган ёки бирданига эга бўлиб қолган қисми иккала инқилобдан кейин ҳам халқнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилишидан айнан ўзининг доираси/оиласи/клани имкониятларини (нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки жиноий ҳам) кенгайтиришга урингани инқилобларнинг керакли натижага эришмаганининг сабаби бўлган», – деб ёзади Телеграмдаги «Ташқарида» канали.


Ҳозирги вазиятда шимол – жануб зиддияти кучайиб кетмаслиги муҳимдир ва кўп нарса ушбу воқеаларга жанубнинг қандай муносабат билдириши – куч ишлатишгача етиб бориш-бормаслигига боғлиқ. Шунингдек, Қирғизистоннинг асосий иттифоқчилари – Россия ва Қозоғистоннинг реакцияси ҳам вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин.

«Евразия» стратегик ташаббуслар агентлиги раҳбари, сиёсатшунос Алибек Мукамбаев ҳам айнан сиёсий элитанинг халқнинг муаммоларидан йироқлашиб кетиши рангли инқилобга олиб келади деб ҳисоблайди. Қайд этилишича, сиёсий элита 2005 ёки 2010 йилларга солиштирганда, аҳоли билан очиқроқ мулоқот қилишга, унинг кайфиятини ўрганишга интилмоқда. Аммо сўнгги ҳодисалар элита халқ кўнглига йўл топа олмаганини кўрсатмоқда.

Сиёсатшунос Михаил Шрайбман Қирғизистонда сайловларда ғирромлик қилиш ўта хатарли экани, мухолифат зудлик билан ўз тарафдорларини оёқлантиришига эътибор қаратади. Таҳлилчига кўра, қирғизларнинг жипслиги ва жанговарлиги сабаб оммавий намойишлар тез-тез рўй бериб туради. Қолаверса, йирик партияларнинг ортида турган кланлар лозим вазиятда барча куч ва маблағни сафарбар этади.

Аввал хабар берганимиздек, 2019 йил август ойида Қирғизистоннинг Қўйтош манзилида икки кунлик отишмалардан кейин собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳибсга олинган эди.

Кузатувчиларга кўра, амалдаги президент Сооронбай Жээнбековнинг катта таъсирга эга собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан зиддиятга бориши ҳам унинг сиёсий обрўсига салбий таъсир кўрсатган ва айтиш мумкинки, бугунги ғалаёнларга замин ҳозирлаган.

Хўш, амалдаги давлат раҳбарининг тақдири нима бўлади? Мамлкатни идора этишни зиммасига олган Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбари ҳозирча халқ ишончига асосланган ҳукуматни шакллантириш муҳимроқ экани таъкидлар экан, саволга очиқ жавоб бермаган.

Кузатувчиларга кўра, мураккаб вазиятда барча масъулият амалдаги президентнинг зиммасига тушади. Айни пайтда юзага келган хўжасизликдан фойдаланиб, мамлакатдаги турли сиёсий кучлар, собиқ амалдорлар ҳокимият аравасини ўзи истаган томонга тортишга уринмоқда. Парламент ва ҳукумат фалажланиб қолган ҳозирги мушкул вазиятда президент ташаббусни қўлга ола билмаса, мамлакатда бошбошдоқлик, хаос кучайиб кетиши ҳеч гап эмас.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.