Дунё янги уруш арафасида... (биринчи қисм)

Улашиш:

Испан мустамлакачиларининг айрим йўриқларидан бугун ҳам йирик давлатлар фойдаланади. «Элдорадо» — олтинни қўлга киритиш орзуси айнан испан афсоналаридан келиб чиққан. Элдорадо дастлаб айрим тоифа инсонлар, сўнгра империялар, XVI асрга келиб эса барча мустамлакачиларнинг орзусини ифодаловчи иборага айланиб қолди.

Янги давримизнинг элдорадоси айнан Арктика бўлиши мутахассислар томонидан кўп уқтирилмоқда. Арктиканинг денгиз йўллари ва стратегик хом ашёлари жаҳон географиясида инқилоб бўлиши ойдинлашиб борар экан, буюк давлатларнинг иштаҳасини қитиқлаётган истаклар учқуни дунёда янги уруш оловини алангалатмайдими, деган хавотирлар туғилади.

Абадий музликларнинг эриши

Арктика географик жиҳатдан шимоли-ғарбий ва шимоли-шарқий йўналишларда таҳлил қилинади. Асрлар оша энг йирик флотлар Атлантика ва Тинч океани ўртасидаги масофани тезроқ сузиб ўтиш учун ўз кемаларини кўпроқ шу томонга буришни исташган. Сиэтлдан Ослога (Панама канали орқали) шимоли-ғарбий йўналиш бўйича 11 297 километр ва Йокогамадан (Япония) Роттердамгача шимоли-шарқда 12 038 километрлик сув йўли исталган давлатнинг орзусидаги «олтин балиқ» десак адашмаймиз. Умуман олганда, шимолий йўналишлар назарий жиҳатдан жаҳон иқтисодиётининг том маънодаги жон томирларидир. Яқин вақтгача ушбу транспорт йўналишлари деярли умуман имконсиз, музликларга чўмган бу жойлар авваллари ҳеч кимга қизиқ эмас эди. Аммо… Абадий музликларнинг эриши Арктикани янги манфаатлар нуқтасига айлантиряпти.

Шимолий қутбда жойлашган, ҳатто Хитойга ўхшаган узоқ давлатлар, турган гапки, бундай вазиятда тинч ўтирган эмас. Уларни тушунса бўлади — ахир, Арктика очилмаган қўриқ, дунёнинг бойликлари шу ерда тўпланган.

АҚШ Геология хизмати кашф қилинажак нефть захираларининг 10 фоизи ва газ захираларининг 29 фоизи Арктика тубида ётганини 2008 йилда хомчўт қилганди. Бугунги кунда ҳам Арктиканинг улуши чаккимас — жаҳон нефть захираларининг 13 фоизи, газ захираларининг 30 фоизи. Ўлка балиқ ресурслари, олтин, олмос, қалай, қўрғошин, рух, никел, темир, уранга жуда бой. Бунча «ширинликлар» кимни ҳам қизиқтирмаслиги мумкин?

Шунинг учун Арктика давлатлари (АҚШ, Канада, Дания, Норвегия, Россия) ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Умуман олганда, охирги йилларда «элдорадочилар» ўртасида нафақат ерда, балки космоснинг ҳам у ёки бу қисмини эгаллаш учун курашлар қизигандан-қизияпти. Бугунги кунгача ер юзида (асосан давлатлар эгаллаб турган ҳудудида) ресурсларга бўлган эҳтиёжнинг у даражада юқори эмаслиги умумий можарони келтириб чиқармаган эди. Арктика давлатлари, умуман олганда, тинч ҳамкорлик йўлида эдилар. Шу сабаб Арктика кенгаши, Арктика минтақаси парламентлари конференцияси ва Шимолий форум каби муассасалар тузилди. Булар ишламаяпти дейишдан йироқмиз, Россия ва Норвегия ўртасидаги Баренц денгизи тўғрисидаги можаро ҳам, асосан Шимолий Муз океанида мавжуд бўлган гидрологик манбалар туфайли 2010 йилдаги можарони ҳам муросага олиб келди. Хўш унда нега яна вазият жиддийлашмоқда?

Углеводород ресурсларининг 95 фоизи аллақачон мавжуд EEZ таркибига киритилган. EEZ – бу «Exclusive economic zone» — Эксклюзив иқтисодий зона Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1982 йилги Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясида белгиланган денгиз зонаси бўлиб, унга кўра, суверен давлат денгиз ресурсларини қидириш ва улардан фойдаланиш, жумладан, сув ва шамолдан энергия ишлаб чиқаришда алоҳида ҳуқуқларга эга. Келажак ёқилғисига бўлган эҳтиёжнинг ошиб бориши буюк давлатчилик сиёсатини олиб бораётган мамлакатларда Арктикани эгаллашга ундаётган бўлса ажабмас.

Иккинчидан, Арктиканинг энг муҳим жиҳати жойлашган стратегик ўрнидир. Агар эътибор билан қарасангиз, Шимолий муз океанининг музлари эриши шимолда янги сув йўлини ҳосил қилади. Бу нима дегани? Бу келажакда ким шу сув йўлини назорат қилса, жаҳон савдосига катта таъсир ўтказа олади дегани. Шунинг учун ҳам Арктика масаласининг охири урушга бориб тақалиши эҳтимолдан холи эмас.

Муз қатламларининг эриб кетиши яна бир катта муаммони туғдиради, аммо бу ҳақда мақоланинг кейинроғида гаплашамиз.

«Хрушчёвнинг ботинкаси»

Тарихда «Хрушчёвнинг ботинкаси» деган ибора бор. Собиқ иттифоқ раҳбари Никита Хрушчёв 1960 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 902-умумий йиғилишида Филиппин делегати Лоренцо Сумулонганинг нутқига норозилик билдириш учун ботинкасини ечиб, БМТ столига бир неча бор уради (бу борада бир қанча қарашлар ва фикрлар бор, аммо айнан далиллар келтирилмаган). Ўша куни «Венгрия масаласи» муҳокамаси бўлиб ўтган ва Хрушчёв Совет делегациясининг бошқа аъзолари билан биргаликда ҳар қандай йўл билан уни бузишга уринган эди.

Эртаси куни «The New York Times» газетаси «Khrushchev Bangs His Shoe on Desk; Khrushchev Adds Shoe-Waving To His Heckling Antics at U.N.» сарлавҳаси остида мақола эълон қилди.

Бекорга бу воқеани эсга олмадик, зеро, яқин келажакда ҳам Россия шимолда муҳим давлат бўлишга интилишдан тўхтамайди. Агар НАТО давлатларининг агрессияси Арктикага кучайиб борса, Россиянинг глобал ҳарбий стратегияси ҳам шимолда ҳал қилувчи роль ўйнай бошлашини ёдда тутиш керак. Россия шимолга қадамини эртароқ ташлашни бошлаган. Нуфузли ОАВларнинг хабарларига кўра, Кремль шимолда ўз ҳарбий кучини кўпайтирмоқда. Россия Арктикасида қуролланиш ҳам қўшнилар томонидан ҳарбий сармояларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Хўш, бу қуролланиш нима учун? Қурол яратилгач, ундан фойдаланишга ҳаракат қилинади, зеро, «қинсиз қилич қонсирар» деган гап бекоргамас.

Фото:«The Guardian»

Шунингдек, Россия ҳарбийлари Арктикада қандай стратегик мақсадларда ҳаракат қилиши мумкинлигини кўриб чиқиш муҳим. Россия ташқи сиёсатдаги мақсадларига эришиш учун ҳарбий кучдан фойдаланиши кутилмаган ҳодиса бўлмайди. Россиянинг Грузия операциялари, Қримнинг қўшиб олиниши, Шарқий Украинадаги уруш ва Сурия ҳукуматини ҳарбий қўллаб-қувватлаш каби ишлари унинг Арктикада ҳам шундай ҳаракат қила олишини англатади. Хўш, Украина ва Грузияда-ку давлат мавжуд эди, улар қаршилик кўрсатди, аммо ҳеч кими йўқ Арктикани ким ҳимоя қилади?

Шимол кимга тегишли?

Арктика қуруқлик, ички сувлар, ҳудудий денгизлар, эксклюзив иқтисодий зоналар (EEZ) ва Шимолий қутб доираси устидаги халқаро сувлардан иборат. Арктикадаги барча қуруқлик, ички сувлар, ҳудудий денгизлар ва EEZлар Арктиканинг саккизта қирғоқ давлати: Канада, Дания (Гренландия орқали), Финляндия, Исландия, Норвегия, Россия, Швеция ва АҚШ (Аляска орқали) юрисдикциясини юритадилар. Халқаро ҳуқуқ бу соҳани Ернинг бошқа қисмлари сингари тартибга солади.

Халқаро қонунга биноан Шимолий қутб ва Шимолий Муз океанининг уни ўраб турган ҳудуди ҳеч бир давлатга тегишли эмас. Атрофдаги бешта Арктика мамлакати 22 км эга бўлган ҳудудий денгиз билан ва уларнинг денгиз соҳилларига қўшни бўлган 370 км эксклюзив иқтисодий зонаси (EEZ) билан чекланган. Ҳудудий денгизлардан ташқаридаги сувлар — қирғоқ давлатларидан 22 км узоқликдаги «очиқ денгиз» (яъни халқаро сувлар) деб ҳисобланади. Сув ва денгиз туби эксклюзив иқтисодий зоналардан ташқарида кенгайтирилган континентал шелф «бутун инсоният мероси» ҳисобланади. Ушбу сувларда балиқчилик қилиш фақат халқаро шартномалар билан чекланади. Ушбу ҳудудларда денгиз тубида ва ундан пастда минерал ресурсларни қидириш ва эксплуатация қилиш БМТнинг денгиз туби бўйича халқаро идораси томонидан бошқарилади.

БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси («United Nations Convention on the Law of the Sea») ратификация қилингандан сўнг, бир мамлакат кенгайтирилган континентал токчага даъво қилиш учун ўн йиллик муҳлатга эга, агар у тасдиқланса, ўша давлатга денгиз тубида ёки унинг остидаги манбаларга эксклюзив ҳуқуқлар беради. Норвегия, Россия, Канада ва Дания ўзларининг эксклюзив иқтисодий зоналаридан ташқарида кенгайтирилган континентал токчаларга денгиз туби даъволарига асос бўлишга қаратилган лойиҳаларни бошлаганлар. Бироқ Америка Қўшма Штатлари «United Nations Convention on the Law of the Sea»ни имзолаган, аммо ҳали тасдиқланмаган ҳолда қолмоқда.

Шимолни эгаллаш эса яна долзарб. Энг хавфли жиҳати шундаки, Кремль шимолга дахлдор, аммо НАТОга аъзо бўлмаган Финляндия ва Швецияга қарши агрессив муносабатда бўлиши мумкинми? Агар НАТО уларни Россия агрессиясидан ҳимоя қилмаса, уларни ким ҳимоя қилади? Европа Иттифоқи бунга аралаша оладими? Арктика маркази директори, Финляндиянинг Лапланд университети профессори Тимо Коивурова бу саволга шундай жавоб беради: «Йўқ. Негаки, Шимолий Атлантика шартномасининг машҳур бешинчи моддаси иттифоқни Финляндия ва Швецияни ҳимоя қилишга ундай олмайди».

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.