Жасур Умиров вояга етмаган қизга пиво ичириб 2 таниши билан унинг номусига теккан

Улашиш:

Самарқандда вояга етмаган қизнинг номусига теккани гумон қилинаётган хонанда Жасур Умиров қамоққа олинган эди. Эндиликда хонандага нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди. Барча тафсилотлар ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан маълум қилинди.

Тергов жараёнида аниқланишича: 2020 йилнинг 13 июнь куни Ургут тумани “Оқмачит” маҳалласида яшовчи 2003 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро, Каттақўрғон тумани “Каттакўрпа” маҳалласида яшовчи дугонаси 2003 йилда туғилган фуқаронинг таниши хонанда Жасур Умиров билан яқиндан танишиш учун борганида, Ж.Умиров уларни танишининг уйига олиб борган.

Уларга пиво спиртли ичимлигини истеъмол қилдириб, уни ожизлигидан фойдаланиб, номусига теккан. Бундан ташқари аниқланишича вояга етмаган жабрланувчининг номусига яна икки нафар Жасур Умировнинг танишлари текканлигини маълум бўлган.

Аввалига жабрланувчи Жасур Умиров у билан ихтиёрий равишда жинсий алоқа қилгани сабабли, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ва мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабаб Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди (қилмишда жиноят таркиби бўлмаса)га асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Бироқ жиноят иши назорат тартибида ўрганилиб, тайинланган қўшимча экспертизалар натижасига кўра, Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан ҳолат юзасидан қўзғатилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Ж.Умировга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 3-қисми “а” банди (шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда номусга тегиш) билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қолган икки нафар фуқаро А.З. ва Ш.Қ., ларга эса 238-моддаси 1-қисми (ёлғон гувоҳлик бериш) ҳамда 241-моддаси 2-қисмлари (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) билан айблов эълон қилиниб, шу куни уларга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилган.

Самарқанд вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, жиноят иши тергови якунланиб, 5 январь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига юборилган. Олий суднинг қайд этишича, ушбу суд ёпиқ тарзда ўтказилади.

Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми (жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган суд) талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилади. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилиши маълум қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.