ID-карта ёки “права” билан банк хизматидан фойдаланишга рухсат берилди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартиришларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарори 2021 йил 26 январда 3285-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Марказий банк матбуот хизмати хабарига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилган мазкур ўзгартиришлар банк ва мижоз ўртасида шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини тақдим этиш билан боғлиқ тушунмовчиликларнинг олдини олиши кўзда тутилган.

Ҳужжатга асосан фуқаролар паспорти билан бир қаторда идентификация ID-карта ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган ҳолда банк хизматларидан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID–карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6065-сонли Фармонига асосан 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини бериш тизими жорий этилган.

Шу билан бирга, 2017 йил 19 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 389-сонли қарорининг 6-бандига асосан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.