Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қандай ўзгаришлар киритилди?

Улашиш:

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Мазкур Фармон суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишув-чанлигини амалда таъминлаш механизимларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.  

Фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда.

Жумладан, Иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. 

Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш бўйича “Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-663-сонли қонунини келтириш мумкин.

 Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасида ишда прокурорнинг иштироки белгиланган бўлиб унга кўра прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақлиги кўрсатилган эди.

2021 йил 12 январда ЎРҚ-663-сонли қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига ўзгартириш киртилиб унга кўра прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги, прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмаслиги белгилаб берилди.

Бундай ўзгаришларнинг киритилиши албатта, суднинг мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш лозимки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфатларини тўлақонли рўёбга чиқариш, суд тизимининг шаффофлиги, одил судловнинг самарадорлигини ошириш учун амалга оширилаётганлигини кўриш мумкин. 

      

                                                         Жиззах вилоят судининг иқтисодий                                                                                        ишлар бўйича судьяси И.Умаров

                                                                      

                                                                       Жиззах вилоят судининг судья катта                                                                                      ёрдамчиси Ш.Қодиров    

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.