4-сектор раҳбари билан учрашув ёшларга нима берди?

4-сектор раҳбари билан учрашув ёшларга нима берди?

Вилоят 4-сектори раҳбари Юнусжон Насимджанов Зарбдор туман  касб-ҳунар мактабида ёшлар билан учрашди. Тадбирда туман Халқ қабулхонаси, “Маҳалла” жамоат фонди, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар. “Мақсад – туман ёшларининг турли соҳалардаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини енгиллатиш”, - деди Ю.Насимджанов тадбир аввалида.

-Агар менга коорпорация очишим учун рухсат берилиб, ер ажратилса, 15 нафар тенгдошимни иш билан таъминлаган бўлардим, - дейди тумандаги “Шарқ юлдузи” ҚФЙда яшовчи Сулаймонов Собир.

Туман ДСИ бошлиғи Бегимқул Қулматов бу масалада жавобгарликни зиммасига олиб, туман ҳокимлигига мурожаат этиш ва 2 кун муддатда ер ажратилиш бўйича чоралар кўрилишига масъул бўлди.

“Андижон” ҚФЙда яшовчи Жайноқов Даврон иссиқхона қуриш учун банк кредити ололмаётганини билдирди. “Агробанк” АТБ Зарбдор туман бўлими бошқарувчиси З.Маматмуродов карантин вақтида кредит таъминотида узилишлар бўлганини ва сентябрь ойида кредит ажратилишини маълум қилди. 

Ёшлар билан учрашувда жами 7 та мурожаат кўриб чиқилиб,  3 таси жойида ечим топди. Жумладан, бир неча йилдан бери иш излаб қийналган Шоира Тожибоева мазкур учрашувда текстил корхонасига ишга кирганини билиб бениҳоя мамнун бўлди. У каби жами 20 нафар ёшлар “Бэтлис текстил”  корхонасига ишга қабул қилингани эълон қилинди.

Корхона бош ҳисобчиси Б.Тожибоев ишга қабул қилинган янги ходимларга иш жараёнлари ва меҳнат шароитлари ҳақида маълумот берди.

Мурожаатларни ўрганиш ва ҳал қилиш учун масъуллар тайинлангач, учрашувнинг иккинчи қисмига ўтилди. Бунда тумандаги намунали ва фаол ёшлар турли номинациялар бўйича тақдирландилар.

Жумладан, энг намунали солиқ тўловчи, энг яхши тадбиркорлар вилоят давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Энг яхши ёш тадбиркор деб топилган Муборак Усанова ҳам рағбатлантирилди.  Бундан ташқари интилувчан ва илмга чанқоқлиги билан тенгдошларига намуна бўлаётган Турсуной Қаршибоева ва Шарофат Қаршибоеваларга бадиий китоблар тўплами тақдим этилди. “Микрокредитбанк” АТБ туман филиали томонидан “Har bir oila - tadbirkor”дастури асосида 6 нафар ёшларга имтиёзли кредит ажратилгани ҳақида сертификатлар топширилди. Сектор ҳудудидаги ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд оилаларга зарурий маиший техника воситалари топширилди.

-Ушбу учрашув давлат идораларининг одамлар муаммолари, мурожаатлари билан қандай ишланаётгани ҳақида менга тўлиқ тасавур берди, - дейди ёш китобхон Тошмуродова Санобар. – Мен илк бора бу каби тадбирда қатнашмоқдаман. Кўрдимки, ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаяпти. Имкон қадар ижобий ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда.

Ёшлар билан учрашув тадбирлари давом этади. Кейинги манзил - 11 сентябрь,  Дўстлик тумани “Мевазор” МФЙ.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати.