Андижон давлат университетининг 6 нафар ходимида коронавирус аниқланди

Улашиш:

Андижон давлат университетининг Ахборот-ресурс маркази (АРМ) ҳамда ободонлаштириш ходимларининг 6 нафарида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқлар ҳамда талабалар орасида муассасанинг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва бошқа ходимларида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани, натижада Ахборот ресурс маркази карантинга олингани ҳақида хабарлар тарқалган.

Маълум қилинишича, 2021 йил 16 март ҳолати бўйича университетнинг 6 нафар ходимида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бироқ талабалар орасида касалланиш ҳолатлари кузатилмаган.

«Касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш учун АРМ вилоят санитария-эпидемиология осойишталик хизмати томонидан назоратга олинди. Касалланганлар билан алоқада бўлган барча фуқаролар 14 кунлик карантинга олинди. Уларга университет ҳисобидан дорилар жамланмаси тақдим этилди. Карантин қоидалари кучайтирилиб, ҳудудга тиббиёт ниқобисиз кириш, қўл бериб кўришиш тақиқланди. Кираётганда ҳар бир кишининг тана ҳароратини ўлчаш ва қайд қилиб бориш йўлга қўйилди. Дарс жараёнларида масофа сақлаш қатъий назоратга олинди. Университет ҳудуди ва барча бинолар СЭОМ ходимлари томонидан тўлиқ дезинфекция қилинди», — дейди АДУ ректори Акромжон Йўлдошев.

Қўшимча қилинишича, университетда ўқув жараёнлари тўлиқ давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Ўзбекистонда декабрдан бери биринчи марта бир кунда 100 дан ортиқ одамда коронавирус аниқланиб, шундан 93 таси Тошкент шаҳрида қайд этилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.