Тошкентда қалбаки 800 долларни 500 долларга сотаётган эркак қўлга тушди

Улашиш:

 Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Тошкент шаҳар Миробод туманида қалбаки 800 долларни 500 долларга сотаётган эркак қўлга тушди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Давлат хавфсизлик хизматининг Миробод туман бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаро О.С. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқаро С.га 50 АҚШ доллари купюрадаги 16 дона қалбаки 800 АҚШ долларини 500 АҚШ долларига сотган вақтида ушланган. Шунингдек, тадбир давомида О.С.нинг ёнидан яна 7 дона қалбаки 50 купюрадаги 350 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро О.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 55 миллион сўм қалбаки пул чиқарган шахслар ушлангани ва Зангиотада салкам 28 минг долларга яширинча ер сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сирдарёда тадбиркорлардан зўравонлик билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ ушлангани маълум қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.