Бу йил қишда ҳам, ёзда ҳам электр ўчмайди — вазир Президентга ваъда берди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бўйича ўтказган селектор йиғилиши давомида электр энергияси ва табиий газ таъминоти муаммосини кўтарди. Давлат раҳбари ўтган қиш давомида юзага келган муаммолар такрорланмаслиги учун энергетика вазири Алишер Султоновдан ҳисобот талаб қилди.

— Биз узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган электр ва газ тармоқларидаги муаммолар ечими бўйича жуда катта маблағ ажратдик. Бу соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўтган қиш давомида соҳада юзага келган муаммолар аҳоли ва тадбиркорлик соҳасига қийинчилик туғдирди. Ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун қатор топшириқлар берилган. Ҳозир энергетика вазири Алишер Султонов бу бўйича ҳисобот беради
, — деди давлат раҳбари.


Алишер Султонов ўз ҳисоботи давомида маълум қилишича, охирги йиллар давомида электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.

— 2016 йилга қадар республика бўйича 9300 километр электр тармоқлари қурилган ва 4800 та трансформатор янгиланган эди. Бу кўрсаткич умумий инфратузилманинг 4 фоизини ташкил этади

Охирги 4 йил ичида эса 25 минг километрли электр тармоқлари қурилди ва 9800 та янги трансформатор ишга туширилди. Аҳоли талаби жадал ўсиб бориши ва саноат корхоналари қурилиши натижасида электр энергиясига талаб ошиб бормоқда. Шу сабабли энергетика тармоғини модернизация қилишни давом этамиз. Бу ишни янги тизим асосида амалга оширмоқчимиз
, — деди Алишер Султонов.


Вазирнинг айтишича, муаммоли маҳаллалар оғир ва ўта оғир тоифаларга бўлиб чиқилган ва уларга мутахассис бириктирилган. Янги қурилган тармоқ ва трансформаторлар маҳалла раислари иштирокида фойдаланишга топширилган ва маҳалла жавобгарлиги бўйича механизм ташкил этилган.

Шу билан бирга, Алишер Султонов электр энергияси таннархини тушириш бўйича бажарилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

— Таннархни пасайтириш бўйича ҳудудларда иш олиб борилмоқда. 14 та лойиҳалаш гуруҳлари ташкил этилиб, оптималлаштириш ишлари олиб бориляпти. 13 та цехда темир бетон таянч ва трансформаторлар ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистонда бир йил давомида электр тармоқларини ривожлантириш учун 430 миллион долларлик ишлар амалга оширилади
, — деди энергетика вазири.


Алишер Султонов селектор йиғилиши давомида жорий йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси бўйича муаммо бўлмаслигини ваъда қилди. Вазирнинг таъкидлашича, нафақат қишда, балки ёзда ҳам электр энергиясига талаб ошиб кетади ва бунга ҳам тайёр туриш керак.

— Бундан буён нафақат куз-қиш мавсуми, йилнинг ҳар бир даврига эътибор кучли бўлади. Йил давомида энергия таъминоти барқарор бўлишини таъминлаймиз. Охирги йилларда нафақат қишда, балки ёзда ҳам электр энергиясига талаб ошиб кетади. Одамлар кондиционерлар ишлатишади.

Ҳисоб-китобимизга кўра айни вақтга қадар бажарилган ишлар ёзда ҳам, қишда ҳам тўлиқ талабни таъминлаб беради. Қўшни давлатлар билан энергетика таъминоти бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинган
, — деди Алишер Султонов.


Президент Мирзиёев селектор йиғилиши давомида табиий газ таъминоти мавзусини ҳам кўтарди. Газ таъминотини барқарор ишлаши учун жорий йилда қувурларни алмаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилгани айтилди. Хусусан, магистрал газ қувурларини янгилаш учун 617 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Натижада табиий газни мамлакат шимолидан марказга йўналтириш имкони ошади.

Марказий газ қувурларининг аксарият қисми 1958 йилда қурилган бўлиб, анча эскириб кетган ва катта босимда газ йўналтиришга ярамай қолган. Шу йилнинг октябрига қадар 455 километр газ қувури қурилади ва Фарғона водийси таъминоти яхшиланади.

— Ҳозирда газотранспорт тизимини йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилмоқда. Марказий магистрал тизими эскириб, етарлича газ босимини кўтара олмай қолгани туфайли бор газни ҳам ҳудудларга етказиб бера олмас эдик. Шу сабабли газотранспорт соҳасига давлат хусусий шерикчилиги бўйича инвестиция киритилади. Давлат кафолати остида бўлмаган маблағлар жалб этилади, — деди президент.

Шавкат Мирзиёев селектор йиғилиши давомида, шунингдек, нима сабабдан энергетика соҳасидаги ишлар тўрт йил олдин бошланмаганига изоҳ бериб ўтди.

— Биз бу ишларни анча олдин, тўрт йил олдин бошлаганимизда вазият анча яхшиланган бўларди. Аммо нима учун аввалроқ кириша олмадик? Чунки бунинг иложи йўқ эди — газда ҳам, светда ҳам ҳисоб-китоб бўлмаган, соҳада ўғирлик катта эди.

Ҳозир биз катта пул эвазига АСКУЭ тизимини жорий этмоқдамиз. Натижада январь-февраль ойларида пул тушуми яхшиланди. Шу вақтга қадар тушум 25-30 фоиздан ошмаган эди. Ҳозир эса 85 фоизга чиқди. Соҳани тўлиқ автоматлаштирсак, таъминот ҳам шунга монанд яхшиланади
, — деди давлат раҳбари.


Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ўтган 25 йил давомида электр энергияси ва табиий газ тўловини автоматлаштириш учун 20 та қарор қабул қилинган, аммо ишлар амалга ошмай қолиб кетган. Шу сабабли соҳада коррупция кўпайиб кетган.

— Газ ва свет бўлмаса, «Обод маҳалла» бўлиши мумкинми? Кўчалари қоронғу қишлоқ обод бўладими? Янги мактаб қурганимиз билан, электр бўлмаса, болалар ўқий оладими? Мана шу саволларга жавоб бериш учун, аввало, энергетика тизимини яхшилашимиз лозим, — деди Президент.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.