Андижонда «замҳоким»нинг ўғли уч нафар оғайниси билан 13 яшар қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир қилгани рост бўлиб чиқди. Бироқ...

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи аёл 13 яшар қизига нисбатан туман ҳокими ўринбосарининг ўғли ва унинг бир неча оғайнилари уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир қилганини билдириб, ўз вақтда керакли чоралар кўрилмагани оқибатида  йигитлардан икки нафари қочиб кетгани, шунга қарамай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг айрим ходимлари ҳамон ўз вазифасида ишлаб келаётганини айтган видеоси тарқалди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг ҳолатга ойдинлик киритишича, дарҳақиқат, шундай воқелик ўтган йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган.

Вояга етмаган қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган йигитларнинг бири туман ҳокими ўринбосарининг ўғли экани ҳам тўғри. Воқелик юзасидан ўша вақтнинг ўзида Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми  (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани судининг 2021 йил 30 августдаги ҳукми билан икки нафар судланувчи қайд этилган моддада назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Мазкур ҳукмни ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги Андижон вилоят судининг ажрими Олий суднинг кассация инстанциясида бекор қилиниб, жиноят ишини қайтадан кўриш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.

Ҳозирда жиноят иши Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.