Фарғонадаги ариқлардан нефтга ўхшаш бадбўй ҳидли суюқлик оқаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Тошлоқ тумани марказидан оқиб ўтувчи ариқдан нефть чиқиндилари оқиб ўтиб, бадбўй ҳид таратаётгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят Экология бошқармаси ҳолат бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, Тошлоқ тумани «Терактаги» МФЙ ҳудудида фуқаролар томонидан ҳеч қандай ташкилотларнинг рухсатисиз, ноқонуний равишда яшаш хонадонларидан қудуқ қазиб, нефтга ўхшаш суюқликни сув насослари ёрдамида тортиб олиш ҳолатлари учрамоқда. 9 апрель куни Экоинспекция ходимлари ҳолат жойини бориб ўрганган. Ҳақиқатда фуқаролар томонидан тортиб олинган суюқликнинг маълум бир қисми хонадонлардан оқиб ўтган маҳаллий сув ариқларига оқизилгани аниқланган.

 

Фото: Фарғона вилояти Экология бошқармаси

Ҳолатнинг олдини олиш мақсадида тумандаги мутасадди ташкилотлар, ИИБ, ФВВ ва туман экология ходимлари томонидан 200 дан ортиқ қудуқлар кўмдирилган. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида нефтга ўхшаш суюқликни сув ариқларига оқизаётган 12 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 72-моддаси (сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳар бирига жарима белгиланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.