Самарқанднинг Дарғом каналига оқизилган нефт чиқиндиси етказган зарар ҳисобланди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига нефт маҳсулотлари оқизилганлик ҳолати бўйича эълон қилинган видеомурожаатдаги ҳолат шу куннинг ўзида Давлат экология қўмитаси ва Самарқанд вилояти Экология бошқармаси  томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан тезкорлик билан ўрганилди. Бу ҳақда Экоқўмита расмий телеграм-каналида маълум қилинди.

Фото: Экоқўмита расмий телеграм-канали

Хабарга кўра, Самарқанд туманининг Андижони МФЙда жойлашган «NURSHOD UNIVERSAL SAVDO» МЧЖга қарашли суюлтирилган газ сақлаш омборидаги нефт маҳсулотлари (печ ёқилғиси) сақлаш сиғимидан оқиб кетиши натижасида 1 тонна нефт маҳсулотлари жой рельефига тўплангани ва полиэтилен труба ёрдамида Дарғом каналига оқизилиб, сувни ва жой рельефини ифлослантирган.

Фото: Экоқўмита расмий телеграм-канали

Шунингдек, корхона ҳудудига тўкилган нефт маҳсулотлари билан  ифлослантирилган ер майдони ўлчанганда 86,4 м3 эканлиги маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳолат бартараф этилиб, атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинганида 1 204 401 864,0 сўмни ташкил этган.

Ўрганишлар давомида ҳозирги кунда корхонанинг хавфлилик даражаси 1-тоифага мансуб эканлиги ва корхона экологик норматив ҳужжатларсиз фаолият олиб борганлиги аниқланган.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-моддаси 4-қисми билан маъмурий жарима қўлланилган.              

Корхона фаолиятини тўхтатиш ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун ҳисобланган компенсация тўловини ундириш юзасидан иқтисодий судга киритиш учун даъво аризаси тайёрланмоқда, дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.