Ўзбекистон президенти ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан ёлғон хабарлар юборган шахс тошкентлик 22 ёшли фуқаро экан

Улашиш:

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон президенти ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан Телеграм орқали эмланган фуқароларга тўловлар, шунингдек болали оилаларга пул нафақалари берилиши тўғрисида сохта хабарларни жўнатган фирибгарни қўлга олишган. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамизки, бир неча ой давомида соғлиқни Сақлаш вазирлиги номидан Телеграмдаги бир қатор гуруҳ ва каналларда COVID-19га қарши эмланган фуқароларга 750 минг сўм миқдорида бир марталик тўлов берилиши тўғрисидаги сохта хабар тарқатилган эди. Бириктирилган ҳаволани босганда, фуқаролар пластик карта рақамини ва пул олиш учун юборилган SMS-кодни кўрсатишлари керак бўлган. Натижада, ушбу ҳийла-найрангга тушиб қолганлар картадаги пулларидан маҳрум бўлишган.

Бундан ташқари, болали оилаларга 650 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам тўғрисидаги қонун кучга киргани ҳақида Ўзбекистон президенти номидан сохта хабар юборилган. Пулни олиб қўйиш схемаси жуда оддий бўлган - фуқаролар ҳавола орқали махсус веб-сайтга ўтиб, ўз маълумотларини қолдиришган ва пулларидан айрилишган.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бундай хабарларни юборган фирибгарлардан бири – пойтахтда яшовчи 22 ёшли фуқарони аниқлашган. Шу тариқа, у фақат битта фуқаронинг картасидан 7,5 миллион сўмни ўмаришга муваффақ бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.