“Инсон қадри учун” тамойили Форишнинг Хонбанди маҳалласида ўз исботини топди

Улашиш:

Хонбанди Фориш туманидаги кўп қаватли уйлар мавжуд маҳаллаларидан бири ҳисобланади. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида қурилган бу уйлар асосан ҳудуддаги кон ишчиларининг оилалари учун мўлжаллаб бунёд этилган. Орадан йиллар ўтиб, кон фаолияти тўхтади. Бироқ одамлар яшашда давом этишди. Айниқса қишда уйларнинг иситиш тизимида муаммолар мавжуд эди. Жорий йилги аномал совуқ ҳам бу муаммонинг кўлами нақадар катта эканлигини кўрсатиб қўйди.

“Инсон қадри учун” тамойили Форишнинг Хонбанди маҳалласида ўз исботини топди

Холида Сувонова кекса ўқитувчи.  У ҳам қишнинг совуғида уйини газ плитаси ёрдамида иситган хонбандиликлардан бири.  

Республика ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 408-сонли қарори Холида Сувонова каби инсонларнинг ҳаёт тарзи ўзгаришига сабаб бўлди. Жорий йил бошидан маҳалладаги 13 та кўп қаватли уйларнинг 736 та хонадонига замонавий иссиқлик тизимлари ўрнатиб бериш бошланди. 

Лойиҳа қиймати қарийб 18 млрд сўм ажратилгач январь ойидан бошлаб пудратчилар ишга киришишди. Ҳар бир хонадон учун алоҳида ақлли иситиш печлари ўрнатиб берилди. Март ойидаги совуқ ҳароратда иситиш тизими синовдан муваффақиятли ўтказилди.

Маҳалла аҳолисининг жипслиги туфайли ўтган 2022 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ҳам қатор лойиҳалар ютиб олинди. “Очиқ бюджет” орқали 920 млн сўм эвазига 920 метр асфальт, пиёдалар учун тротуар, ободонлаштириш ишлари ва Зарафшон, Янгиобод кўчаларида электр таъминотини яхшилаш учун 20 та сим ёғоч янгисига алмаштирилди.

Бундан ташқари ҳудуддаги инглиз тилига ихтисослашган 59-мактабнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам лойиҳа ғолиб деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яшил макон” давлат дастури доирасида 635-сонли  қарорига асосан маҳалла ҳудудида 16 та артезиан сув қудуқлари қазилди ва аҳоли хонадонлари ва маҳалла ҳудудига 2000 туп мевали, 1500 туп манзарали, 3000 мингта терак қаламчалари экилди.

Жиззах вилояти солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор ҳудудида жойлашган мазкур маҳалланинг бугунги ҳаёти шундан иборат. Ваҳоланки аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни босқичма-босқич бартараф этиш борасидаги ишлар ҳали давом этади. Сектор раҳбарияти бу борада изланишдан тўхтагани йўқ. 

Сектор ташаббуси билан шу кунга қадар маҳалладаги ягона 9 қаватли уйнинг лифт ҳамда том қисми, иситиш тизими янгилаб берилгани, оилавий шифокорлик пунктининг ички ва ташқи қисмини таьмирлаш орқали  25 та иш ўрни яратилгани, маданият уйи биносини ҳомийлар ҳисобидан таъмирлаш, газлаштириш, болалар боғчаси қуриш, 412 млн сўмга “Бодомзор” ва “Мевазор” кўчаларини шағаллаштириш, 4,5 км ички йўлларни бетонлаштириш, мактабни таъмирлаш, кўприк қуриш, сув қудуқлари ўрнатиб аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши учун шароитлар яратиб  бериш каби қатор ишлар амалга ошди.  Хизмат - сервис соҳасида 8 та савдо дўкони, дорихона, новвойхона қуриб якунланди ҳамда ишга туширилди.

59-мактабга 1000 та китоб, 11 та компьютер, 11 та тикув машинкаси,  17 та рассомчилик асбоб-анжомлари хомийлар томонидан фойдаланиш учун олиб берилди.  Ҳудудда 3000 та абонент учун шиша толали интернет тармоғи ишга   туширилди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш борасида келгуси беш йиллик учун муҳим вазифа ва мақсадларини белгилаб олинган. 4-Сектор масъуллари бу тамойилнинг аҳамиятини тушунган ҳолда ҳар бир ишни амалга ошириш борасида изланмоқдалар. 

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.