Нафсимиз учун эмас, нафасимиз учун қачон курашамиз?

Улашиш:

Экологияга бир қарашда ҳамма эътиборлидек. Аммо бу сароб, чунки кўп ҳолларда экологияни асраш қоғозда қолиб кетяпти.

Табиат – қафасдаги ёввойи ҳайвондек. Уни беэътибор қолдирсангиз, озор берсангиз, яхшилик билан муомала қилмасангиз, ғазабланиб, қутуриб қафасдан чиққудек бўлса, биринчи қурбони сиз бўласиз.

Дунё миқёсида қарайдиган бўлсак, экологик глобал муоммолар талайгина ва улар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

Экология муаммолари, масалан, чўлланиш Оролнинг қуришидан, ичимлик суви танқислиги чучук сувнинг ер сатҳидан пастлаб кетаётганида бошланган.

Ўзбекистонда бу каби экологик салбий таъсир ва салбий ҳодисаларга қарши кураш аллақачон бошланган. Масалан, Орол денгизининг қуриган тубида 5,5 миллион гектар майдонга эга бўлган Оролқум чўллари ҳосил бўлган. Ушбу ҳудуддан тахминан 100 миллион тонна туз, чанг ва қум ҳавога кўтарилиб, атроф-муҳитга катта зарар етказмоқда. Жаҳон банки ҳар йили бўронлар Орол денгизининг қуриган тубидан 75 миллион тоннагача қумни Марказий Осиё кенгликларига олиб ўтишини маълум қилганди.

Маълумот учун: Оролқум қарийб 60 000 квадрат километр майдонни эгаллайди. Унинг деярли ярми Ўзбекистондаги 1,8 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Қорақалпоғистонда жойлашган.

Ана шу боис Орол денгизининг суви қуриган тубида “яшил қопламалар” барпо этиш 2018-2019 йилларда бошланган. Аллақачон ушбу “яшил қопламалар” униб чиққан.

2021 йилда эса Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш учун Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Давлат дастури асосида ушбу ҳудудда 1,5 миллион гектардан зиёд ўрмон экинлари экилди. Ушбу ҳудудга саксовул, черкес ва бошқа шўрга чидамли ўсимликларни экиш янги ўрмон экотизимларини яратди, бу ерда қуёнлар, тулкилар, қирғовуллар, ёввойи чўчқалар ва бошқалар пайдо бўлган.

Жорий йилда ҳам Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш учун 100 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари ҳисобланувчи “яшил қопламалар” барпо этиш режалаштирилган. Уларни барпо этиш учун жами 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилмоқда.

100 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этиляпти. Аммо натижани ҳали қониқарли, деб бўлмайди. Чунки Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилашга ҳаракат бўлаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида дарахткушлик, гарчи мораторий эълон қилинган бўлса-да, ҳамон учраяпти. Чиқиндиларни қайта ишлаш талабга жавоб бермайди. Сув танқислигини ҳали тўла англаб ета олганимизча йўқ.

Яқинда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов баёноти ҳам бунга яққол исбот бўла олади.

Яъни ўтган 2022 йили “Яшил макон” лойиҳаси доирасида икки миллиондан ортиқ экилмаган кўчатлар ҳисоботга “экилди” деб қўшиб ёзилган, суғориб бўлмайдиган жойларга 7,3 миллион туп ниҳол ўтқазилган, экилган 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар белгиланмаган.

Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, кўчатлар экилганининг ҳаққонийлиги текширилганда айрим раҳбарлар томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Бош прокуратура ўрганиш олиб боришини айтган.

Маълумот учун: ўрганиш натижаларига кўра, Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп экилмаган дарахт кўчатлари ҳисоботга "экилди" деб қўшиб ёзилгани аниқланган.

Шу билан бирга, 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар умуман белгиланмагани ошкор бўлди. Энг ачинарли аҳвол – Фарғона вилоятида. У ерда 415 минг туп дарахтга умуман, ҳеч қандай масъул белгиланмаган. Тошкент вилоятида 355 мингта, Сурхондарёда 331 мингта, Бухорода 146 мингта, Қорақалпоғистонда 36 мингта экилган дарахтлар эътиборсиз қолдирилганини очиқлаган вазир.

Шунда экологияга ажратилган миллиардлаб пул кимнингдир чўнтагида қоляптими? Дарахтларни кесиб ҳавони заҳарлаб қураётган жойларимиз кимнинг манфаатига хизмат қилаётгани яна бир савол.

Халқаро майдондаги ўрнимиз қаерда?

Халқаро кўрсаткичларга эътиборингизни қаратмоқчимиз: Ўзбекистон 2022 йили дунё бўйича Экологик самарадорлик индексида 180 та давлат ичида 107-ўринни эгаллаган. Бу индекс давлатнинг 22 кўрсаткичини бирлаштиради.

Аввалдан бор бўлган ҳаво ифлосланиши сўнгги йилларда яққол кўзга ташланмоқда. Тез-тез янгиланиб турадиган ҳаво ифлослиги рейтингида Тошкент энг ифлос, деган натижани кўрсатгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Халқаро индексда асосий ҳисобга олинадиган мақсадлар эса экотизимнинг ҳаётийлиги ва атроф-муҳит саломатлигидир. Демак, ҳаётийлик паст ва атроф-муҳит саломат эмас.

Япон ёзувчиси Хироси Нома: “Мабода келгусида ерда ҳаёт тамом бўлса, у атом урушидан эмас, ичимлик суви етишмаслигидан бўлади” деб тўғри айтган. Бунга биргина БМТнинг янги ҳисоботидаги фактлар яққол исбот бўла олади.

  • Дунё аҳолисининг 26 фоизи тоза ичимлик сувига эга эмас;
  • Ҳар йили дунё бўйлаб сув истеъмоли тахминан 1 фоизга ошади;
  • Дунёдаги сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади;
  • Дунё аҳолисининг 10 фоизи сув таъминоти юқори бўлган мамлакатларда яшайди;
  • 3,5 миллиарддан ортиқ одам йилига камида бир ой ичимлик сувига муҳтож бўлади;
  • Оқова сувларнинг 80 фоизи тозаланмасдан атроф-муҳитга чиқарилади. Сув ресурсларини тежаш мақсадида томчилатиб суғоришни қўллаш тавсия этилади.

Сув муаммоси аллақачон бизнинг ҳам оғриқли нуқтамизга айланиб бўлди. Орол шунчаки қуриётгани йўқ. Сув танқислиги фақат Оролда эмас, бошқа ҳудудларимизда ҳам пайдо бўлишга улгурди. Ичимлик суви танқислиги узоқ йиллардан бери бор. Марказдан узоқроқ ерларда аҳоли анча йиллардан буён сувни ташиб ичади.

БМТ сўнгги маълумотларига кўра, дунёда ҳар тўрт кишидан бири сувдан маҳрум. Ҳозир айни вақтда шу “бир инсон” сиз бўлмаслигингиз мумкин, аммо шу кетишда тўртдан уч киши сувсиз қолиб, шулар қаторида СИЗ бўлмаслигингизга ким кафолат беради?!.

Мана шунча исботлар, натижалар кўрсатяпмиз. Бу дунё тажрибаси, аммо ҳали ҳам бизга татбиқ этилмаётган ва биз қўлламаётган тажрибалар. Бугун биз бу муаммолар билан оммавий курашмасак, бир кун оммавий ҳалокатимизга сабаб бўлиши турган гап.

Лев Толстойнинг фикрларига кўра: “Бахтнинг биринчи шартларидан бири инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик узилмаслигидир”. Ҳозир бу ҳаётнинг биринчи шартига айланган. Аммо биз ҳали-ҳамон нафасимизни эмас, нафсимизни ўйлаётганимиз ачинарли.

Фазилат Мирзааҳмадова

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.