Европача коррупция: жиноят, жазо ва... рағбатлар!

Улашиш:

«Ҳокимиятни пулга сотиб олганлар ундан фойда олишни истайди», деган эди Арасту. Грек файласуфи яшаган даврдан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо коррупция билан боғлиқ муаммо ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Боз устига унга қарши курашда энг самарали қурол ҳам яратилмаган.

XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб коррупция халқаро муаммолардан бирига айланди. Бир мамлакатдаги ушбу иллат кўриниши иккинчи давлат билан боғланиб кетди. Айни дамда коррупция халқаро савдода миллиардлаб зарар келтирмоқда.

Мазкур муаммо Европада ҳам сақланиб қолаётир. У давлат ва ҳукумат раҳбарлари, полиция ва журналистларнинг доимий эътиборида. Таҳлилчиларнинг фикрича, «кўҳна қитъа»даги коррупция ҳар йили Европа иқтисодиётига 120 миллиард евро миқдорида зарар етказади.

Европа Иттифоқининг аксилкоррупция агентлиги – OLAFнинг таъкидлашича, бу атиги айсбергнинг юқори қисми, холос. Аслида Европа мамлакатлари коррупция туфайли йилига 323 миллиард евродан маҳрум бўлади. Коррупциянинг ҳақиқий қамровини баҳолашнинг имкони йўқ. ЕИ мамлакатлари аҳолиси ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, респондентларнинг 76 фоизи бу иллат тобора ўсиб бораётганини қайд этган. Европада энг коррупциялашган мамлакат Греция экани айтилади. Ундан кейинги ўринларни Италия, Испания, Литва, Чехия эгаллаган.  Европада коррупцияга қарши курашга ўнлаб ташкилотлар жалб қилинган.  

Жаҳоннинг турли давлатларида коррупцияни бартараф этииш йўлида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди ва оширилмоқда. 

Шу ўринда шарҳловчилар бир овоздан Сингапур тажрибасини тез-тез тилга оладилар. Мазкур давлат чорак аср мобайнида учинчи дунё мамлакатидан гуллаб-яшнаган фаровон мамлакатга эришди. Бу мақомга эришишида коррупцияга қарши кескин кураш бош омил бўлди. Ўтган асрнинг  50-йилларида Сингапур қашшоқ давлат эди. Табиий ресурсларнинг етишмаслиги, ҳатто ичимлик сувининг четдан олиб келиниши давлат идораларида илдиз отган коррупция олдида арзимас иш бўлиб кўринарди. Ҳамма, ҳатто ўқитувчилар ҳам пора олишарди.

Қарангки, Сингапур ҳукумати коррупция устидан ғалаба қозонди. Бунда, биринчи навбатда, мамлакат раҳбариятининг қатьий иродаси муҳим аҳамият касб этди. Бош вазир Ли Куан Ю коррупцияга барҳам беришда ўз қариндошлари ва ҳукуматдаги маслакдошларини ҳам аяб ўтирмади. Ҳар бир фуқаронинг шубҳали хатти-ҳаракатлари текширилди, айбдорларга муносиб жазо берилди. Иккинчидан, коррупцияга қарши курашга қаратилган янги қонунлар қабул қилинди. Учинчидан, қонунларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалда чекланмаган ваколатларга эга бўлган – Коррупция ҳолатларини текшириш бюроси ташкил этилди. Бюро бевосита давлат раҳбарига бўйсунарди, бу ўз навбатида ҳар бир давлат амалдорига нисбатан адолатли тергов олиб борилишини таъминлади.

Шу ўринда Руминия тажрибасини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. Бу мамлакат 2007 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кирди. Бундан аввал ва кейин ҳам мамлакатда коррупция илдиз отган эди. Унга қарши кураш шунчаки кўргазмали бўлиб, бирор бир натижа бермасди. Вазиятни кузатиб борган Еврокомиссия коррупцияга қарши курашга аралашишга аҳд қилди. Экспертлар 2011 йилда Руминия учун аксилкоррупция стратегиясини ишлаб чиқдилар ва бу лойиҳа ўз самарасини берди. Мамлакатда коррупцияга қарши кураш иккита идора – Миллий аксилкоррупция бошқармаси ва Миллий яхшилик масалалари агентлигига топширилди. Бу идоралар 2013 йилда мингдан ортиқ ишни судга топширди. Порахўрликда гумон қилинган ўнлаб вазирлар, элчилар, мэрлар, полиция ва божхона ходимлари қўлга олинди.

Узоқ йиллардан бери Швеция коррупциялашган давлатлар рўйхатида эмас. Ваҳоланки, ХIХ асрга қадар бу мамлакатда порахўрлик одатий ҳол эди. Ҳукумат аралашмаса коррупция мамлакатни пароканда қилиши  мумкинлигини англаб етди. Аммо бошқача йўл тутилди – ҳеч ким жазоланмади, чекланмади ва тақиқланмади, балки... рағбатлантирилди. Ҳаммаси адолатли солиқлар, имтиёзлар ва субсидиялар орқали амалга оширилди. Аксилкоррупция стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилишида судлар самарали ёрдам берди. Давлат хизматчилари учун қатьий ахлоқ меъёрлари белгиланди. Кейинги босқичда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга эътибор қаратилди. Турган гапки, коррупцияни бутунлай йўқотиб бўлмайди, вақт ўтиши билан одамлар унга мойиллик билдириши мумкин. Швецияда 2012 йилда коррупцияга қарши янги қонун қабул қилинди ва унга кўра пора олиш ёки бериш жиддий жиноятлар сирасига киритилди.

Жанубий Кореяда коррупцияга қарши курашда илк қадам 1999 йилда OPEN дастурнинг ишга туширилиши билан бошланди. Унга кўра, ҳар бир фуқаронинг амалдорга мурожаати онлайн тизимида назорат қилинади. Шу боис ҳукумат расмийлари мурожаатларга зудлик билан муносабат билдиршга мажбур бўлди, масалани «ижобий» ҳал қилишда пора бериш ўз-ўзидан имконияти йўқ воқеликка айланди. 2002 йилда кучга кирган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунга биноан ҳар бир фуқаро ҳар бир амалдор устидан суриштирув олиб боришни ташкиллаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Буни рад этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Коррупция даражаси мамлакат обрўйи, инвестициявий жозибадорлиги, иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Бу иллатга қарши кураш турли мамлакатларда турлича йўллар билан олиб борилади.

Хўш, сайёрамиз бурчакларидаги «қўли тоза бўлмаган» амалдорларга қарши қандай чоралар кўрилади? Мазкур саволга жавобни Хитой мисолида олиб кўрсак, бу мамлакатда коррупцияга қарши кураш дунёдаги энг шафқатсиз экани айтилади. 1980 йилда қабул қилинган ва 1997 йилда тўлдирилган ХХР Жиноят кодексига кўра, олган пораси миқдорига қараб порахўр турли муддатларга озодликдан маҳрум этилиши, умрбод  қамоққа ҳукм қилиниши ёки унга ўлим жазоси тайинланиши мумкин. Қатл жараёни телевидение орқали намойиш этилади. Сўнгги 15 йилда Хитойда коррупция айби билан 13 минг киши отилган, 120 мингдан ортиқ одам 10 йил ва ундан кўп муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам порахўрликка қарши кескин кураш олиб борилади. Айрим давлатларда коррупция ўғриликка тенглаштирилган.  

Коррупцияга қарши курашда халқаро тажриба ҳар бир мамлакат учун фойдадан холи бўлмайди. Европани бу соҳада намуна дейиш мумкин. Айни дамда Европа Иттифоқи юридик хизматлари  ислоҳотлар, услублар ва кураш кўринишида аксилкоррупция тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Бу масалада Европа Иттифоқи давлат муассасаларининг фаолияти шаффоф бўлиши лозимлигини таъкидлаб келади.

Жаҳон амалиётлари кўрсатиб турибдики, коррупцияга қарши чора кўришда амалдорларга нисбатан шафқатсиз бўлиш керак. Бир қатор мамлакатларда порахўрлик Конституцияни бузиш ва давлатга хиёнат сифатида кўрилади.

Тажрибалар кўрсатиб турибдики, коррупцияга барҳам бериш учун давлатнинг қатьий иродаси, самарали қонунлар ва тўлалигича мустақил бўлган аксилкоррупция идораси керак экан. Амалдорларнинг коррупцияга боғлиқ хатти-ҳаракатлари «еттита муҳр ортида» сир бўлиб қолмаслиги, балки кенг жамоатчиликка ошкор қилиниши лозим. Коррупцияга қарши қонунни бузган ҳар қандай амалдор давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши, ижтимоий имтиёзлар, масалан, пенсия ва ижтимоий таъминотдан бебаҳра қилиниши керак. Катта миқдорда жарима солиш ўз йўлига.

«Коррупция» лотинча сўз бўлиб, бузуқлик, сотиб олиш, сотиш, парчаланиш маъноларини англатади. Аммо бу ибора ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган амалдорларга, қонун ва ахлоқий меъёрларга итоат этмаганларга нисбатан ишлатилади. Коррупция деганда амалдорларни сотиб олиш ҳам тушунилади.

Transparency International, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар коррупция деганда ҳукумат амалдорлари хизмат ваколатларини ўз шахсий манфаатлари йўлида суиистеъмол қилганликларини тушунади.

Шарофиддин Тўлаганов, журналист

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.