YouTube’да Тожикистон университетларининг бирида ўқийдиган талаба қизнинг беҳаё рақсга тушаётган видеосини синфдошлари, дўстлари ва қариндошлари кўриб қолишади. Талаба қиз видеога алоқаси йўқлигини қанчалик исботлашга уринмасин, акаси бунга ишонмайди ва синглисини ўқишга юбормасликка қарор қилади.
Бироқ қиз курсдошларидан бирининг ёрдами билан видеода фақат унинг юзидан фойдаланилганини исботлайди. Маълум бўлишича, ушбу видео дастур ёрдамида яратилган. Бу дипфейк эди.
Дипфейк ва Леонардо ДиКаприо
Deepfake технологияси 2014 йилда ихтирочи Ян Гудфеллоуз томонидан фотосуратлар ва тасвирларга ишлов бериш учун яратилган. Дипфейк дастлаб фақат фильмларда қўлланилган. Бироқ бир неча йил ўтгач, бу технологияни интернет фойдаланувчилари ҳам ишлата бошлади. Бугунги кунда махсус дастурлар ва веб-сайтлар бундай тасвирларни автоматик равишда яратади — бунинг учун расмини сохталаштирмоқчи бўлган одамингизнинг исталган фотосуратини киритсангиз, бас.
Ижтимоий тармоқларда таниқли шахсларнинг юзлари, овозлари ва ҳаракатлари турлича бўлган сурат ва видеолар эълон қилинмоқда. Бир қарашда улар ҳақиқийдек туюлади.
Ушбу видеода Украина президенти Владимир Зеленский ўз ҳарбийларини қуролларини ташлашга чақирмоқда. Текширувдан сўнг, бу дипфейк экани маълум бўлди.
Дипфейк нафақат одамни обрўсизлантиришга, балки жамиятни жунбушга келтириши ҳам мумкин. Ушбу технология ёрдамида одамлар сиёсий арбоблардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишлари мумкин. Бироқ томошабин ва тингловчилар учун ҳақиқатни сохтадан ажратиш осон эмас, улар бу видеоларни ҳақиқий деб қабул қилишлари мумкин.
Лондон Университет коллежи (UCL) дипфейкни бугунги кунда сунъий интеллект билан боғлиқ энг катта жиноят таҳдидларидан бири деб атади. Полиция, хавфсизлик идоралари, академик доиралар ва хусусий сектор иштирок этган тадқиқотда 18 турдаги таҳдид аниқланди ва баҳоланди. Рўйхатда биринчи ўринни сунъий интеллект ёрдамида сохта контент яратиш эгаллади.
Чапда Борис Джонсон, ўнгда Билл Постер
Масалан, 2019 йилда Буюк Британиядаги сайловлар пайтида рассом Билл Постер Буюк Британия Консерватив партиясининг ўша пайтдаги раҳбари Борис Жонсон британияликлар рақиб Либерал партия етакчиси Жереми Корбинга овоз беришлари кераклигини айтган видеони жойлаштирди.
Deepfake сохта янгиликлар ва ғараз ниятли мистификацияларни яратиш учун ҳам ишлатилиши мумкин.
Бу аёлдан қиролича Елизаветта II нинг дипфейкини яратишда фойдаланишган
2020 йилда Британиянинг Channel 4 телеканали deepfake технологиясидан фойдаланган ҳолда қиролича Елизавета II нинг сохта Рождество табригини чоп этди.
У ёки бу фотосуратлар ва видеоларнинг ҳақиқийлигини текширишингиз мумкин бўлган бир нечта воситалар: