Банкларда пул сақлайдиган ўзбекистонликлар сони кўпайган

Улашиш:

Марказий банкнинг маълум қилишича, йил бошидан буён Ўзбекистонда банк ҳисоб-варақлари ва депозитлари бўлган одамлар сони кўпайган. Иқтисодчи Темурмалик Элмуродовнинг фикрича, фуқаролар банкларга бўлган муносабатини ўзгартира бошлаган.  

Маълум бўлишича, жорий йилнинг биринчи беш ойида банк ҳисоб рақамларига эга бўлган ўзбекистонликлар 6,1 фоизга, уларнинг ҳисоб рақамлари 14,8 фоизга, аҳоли омонатлари эса 21 фоизга ошган.

"Тўғри, бу катта ўсиш эмас, лекин барибир ўзгариш бор. Одамларнинг муносабати ўзгариб бормоқда ва бундан айниқса омонатлар далолат беради. Масалан, ўтган йилнинг апрель ойида аҳолининг жами омонатларида 47 триллион бўлган, жорий йилнинг апрель ойида эса бу 67 триллион сўмни ташкил қилади. Ўтган йили банклар одамлардан ойига ўртача 5 триллион сўмлик, бу йил эса 6,3 триллион муддатли омонатларни жалб қилган",- деди иқтисодчи ўз муаллифлик каналида.

Мутахассиснинг фикрига кўра, нафақат суммалар, балки омонатчилар сони ҳам ўсиб бормоқда.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг май ойида сўмлик омонатлар бўйича ўртача ставка 20,8 фоизни ташкил этган, шу вақтдан бошлаб нархлар 10,5 фоизга ошган. Бу шуни англатадики, депозитлар инфляциядан ҳимояланган ва улар бўйича ҳали ҳам 10,3 фоиз даромад олиш мумкин.

“Агарда башоратларга таянилса, кейинги 2-3 йил омонат очиш учун энг яхши вақт бўлиши мумкин", - деди Элмуродов.

Эслатиб ўтамизки, Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти (ММТИ) экспертлари Ўзбекистон банк бозоридаги вазиятни таҳлил қилиб, ўзбекистонликлар тез-тез кредит олаётгани, шунингдек, банкларга кўпроқ ишонаётгани ва депозитлар қўйишни бошлашмоқда, деган хулоса қилишган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.