Актёр Толиб Ҳожиев 4,5 литр қон йўқотгани ва уч марта операция бўлгани ҳақида гапирди

Улашиш:

Ўзбек томошабинларига, асосан, Ака Шариф роли орқали янада танилган актёр Толиб Ҳожиев бугун ТВда анча озғин кўринмоқда. Бу эса кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Илгари анча басавлат, қорин қўйган эди-да! Демак, саломатлиги билан муаммо бўлган. Биз комик актёр билан шу ҳақда гаплашдик...

– Мен Худодан 126 ёшга кираман, деб сўраб юраман, – дейди Толиб Ҳожиев. – Бу ёшга кириш учун тани жонингиз соғ, тўрт мучангиз омон бўлиши керак. Худодан сўраганларим ижобат топди. Менинг қанд касалим бор эди, шундан қутулдим. Октябрь Тешаев деган профессор-врач, тиббиётда «Октябрь назарияси»га асос солган олимнинг назарига тушдим. Қанд касалининг ҳаммаси ҳам операция қилинавермас экан. Иккинчи тип бўлса, жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин экан. Худога шукр, мен шунга тўғри келдим. У киши қарс этказиб жарроҳлик амалиётини ўтказди ва мени қанд касалидан халос этди. 50–55 килограмм вазндан қутулдим. Бир юз қирқ кило эдим. Шунча юкни зўрға кўтариб юрардим.

Мана, ҳозир ёш болалардек тетикман. Ички бир енгиллик, ички ёшлик қайтди. Худога беадад шукрлар қилиб, мухлисларга қўрқмасдан айтаманки, Толиб Ҳожиевнинг, Ака Шарифнинг иккинчи умри бошланди. Ва мана шу бошланган умр фақат халққа хизмат билан, элнинг ҳурматини қозониб, унга кулги, хурсандчилик улашиш узоқ йиллар давом этишини Аллоҳимдан зорланиб, илтижолар қилиб сўрайман.

Шу орада ўтимниям олиб ташлашди. Карантин вақтида қаттиқ коронавирусга йўлиқдим, суяк емирилишини бошдан кечирдим. Табиблар ҳам даволаяпти. Ҳассага таяниб қолган эдим, Худога шукр, у бир чеккада қолиб кетди. Суяк емирилишининг ҳам давосини топиб, бемалол чопқиллаб юрибман.

Коронавирусни айтмай қўя қолай. Икки ўпкам тўқсон беш фоиз хасталанди. Беш фоиз қолган ўпкам билан Аллоҳ мени бу ёруғ оламга қайтарди. Йигирма фоиз билан ўлиб кетганларнинг сони қанча! Демак, қисматга ёзилган экан. Бутун тиббиёт ҳайратда: ўпкаси тўқсон беш фоиз хасталанган бирорта бемор бу ёруғ оламга қайтмаган-да! Суяк емирилиши шуларнинг асорати туфайли бўлди. Давоси топилди.

Ҳарбийларнинг «Ўзэкспомарказ» ковид-марказида ётиб даволандим. Хотиним ҳам ёнимда эди. Ўша пайтда қонни суюлтирадиган гепарин деган уколни тўхтовсиз қилишгани боис кўзим кетиб қолибди. «Туринг ўрнингиздан», – деганида турмоқчи бўлдим. Нимадир тарс этди. «Томирим узилди», – дедим. Бунгача хотин кўп гапирса, жаҳлимни чиқарса, кўп гапирма, ҳозир томирим узилиб кетади, дердим. Хотин: «Яна бошладингиз-а, – деди. – Сал ўзингизга келсангиз, томир узилиб кетди, дейсиз», – деди. «Йўқ, – дедим, – бу сафар аниқ узилди», дедим.

Айтганимдай бўлиб, бир катта томир узилган экан. Тўрт литрдан зиёд қон терига чиқиб кетди. Гематома (ғурра) бошланди. Мени операция столига олишди. «Бу кишини тезгина, йигирма беш-йигирма саккиз дақиқа мобайнида операция қилиб, наркоздан чиқармасак, комага тушиб, шу билан ўлиб кетади», дейишди. Мен тилхатга қўл қўйиб бердим, чунки бошқа иложим йўқ эди. Танимда қоним қолмаган. Гемоглобин эликка тушиб кетгапн. Ўғилларим, қизларим, аёлим ҳам тилхатга қўл қўйиб беришди. Орқага йўл йўқ. Битта илтижо Аллоҳга, тамом!

Ярим соатнинг ичида жуда катта операция бўлди. Ўнг кўкрагимнинг тепасидан 30 сантиметр очиб, томирни боғлашди. Яъни, узилиб кетган томирни улаб, тўрт ярим литр қон қуйишди менга. Ярим литр қолган экан танамда.

Бир корейс анестезиологи мени уриб-уриб, наркоздан кўзимни очтирди. «Талиб ака, кузингизни очинг», дейди. Исмимни сўраган-да! Мен ўзимга келмагандан кейин тарс-тарс юзимга уряпти. Агар комага тушсам, ростдан тамом бўлар эканман. Оғзимда трубка турибди. Яна бир қизнинг овози келяпти қулоғимга. «Толиб ака, тишламанг», дейди. Трубка тўғри ўпкамга бориб тақалган экан. Хуллас, минг азоб-уқубатлар билан кўзимни очган эдим, корейс анестезиологи бақириб юборди. Менга қараб, «Урток генерал, узингизга келдингиз, сизга соглик тилайман», деди. У мени истеъфодаги генерал деб ўйлаган экан. Мени таништиришди. «Бу ҳарбий генерал эмас, актёр, ўз соҳасининг генерали», дейишди.

Ўпка дарди оғир экан. Битта врач: «Агар тузаламан, десангиз, кислородни олиб ташланг», деди. У дангаса қилиб қўяр экан, кислородни олгандан кейин баъзилар ўла бошлади. Турамиз, битта бемор йўқ, турамиз, учта-тўрттаси йўқ! «Нафас ололмаяпман», – дедим. «Ўлмайсиз, – деди врач. – Агар яшайман десангиз, калта нафас бўлиб, икки-уч қадам, тўрт қадам юринг», деди. Мен суткалар давомида қадамлар сонини ошириб бордим.

Орадан йигирма кун ўтиб, 3-қаватдан ярим соатда тушаман, 48 дақиқада тепага чиқаман. Ана шундай амаллар туфайли, Худонинг амри билан ўпканинг йўли очилди. 2022 йил 12 сентябрда «сахар»дан халос бўлдим. 2024 йил февралда ўт қопида тўлган тошларни олиб ташлашди.

Хуллас, бирин-кетин катта наркозда учта катта-катта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирдим.

Наркоз хотирани пасайтиради, дейишади. Шундайларни менинг олдимга жўнатинг, хотирани ниҳоятда ўткир қилишнинг йўлини кўрсатиб бераман. Бугун эрталаб шеър ўқиб бошласам, кейинги куни эрталабгача давом этаман. Ҳаммаси «Дил кунам, олам ро гул кунам» деган ажойиб маталга келиб тақалади. Хоҳиш, ички истак бўлса, инсон ўзини бемалол бошқариши, ўзига ўзи соғлиқ бағишлаб, ўзини курашга чорлаши мумкин экан.

Хуллас, кесилмаган жойим қолмади. Геморрой, кўричак, ўтни олиб ташлашган. Билмадим, яна нима қолди, мен ўйлаб кўриб айтаман!

Беморларга маслаҳатим: Аллоҳга қалбан боғланишсин. Дард берувчи ҳам, шифо берувчи ҳам Аллоҳ. Ихлос билан яшасинлар. «Мана буни ичсаму ёрдам бермаса-чи? Фалон одам истеъмол қилган экан, фойдаси бўлмабди», дейишса, бундай муолажанинг кераги йўқ.

Мен Абдулла Ориповнинг «Қарсак чалинг» шеъри асосида бир актёр театрини тайёрлаганман. 28 июнь куни Республика қўғирчоқ театрига келинг, мени бошқача кашф қиласиз. 25 дақиқалик. Шоирнинг ҳажвий, фалсафий шеърлари асосида. Соат 15.00 да. Кўрасиз, баҳо берасиз.

Биз бу дунёда Худо берган умрни яшаймиз. Ўзбекларимиз соғлиғи ҳув охирги нуқтага борганидан кейин табиб билан жарроҳга мурожаат қилмасдан олдин бир-бир назоратдан ўтиб туришсин. Йилига икки марта ўтиб турсалар, ёмон касалликларми, тромбларми, доимий сурункали қон босими ошиши пайдо бўладими, бартараф этилади. Минг афсуски, «мана бу ишни битириб олай, унисини тугатай» дейди-ю, шу билан ўзи кетади!

Раҳматли Муҳриддин Холиқов ўлганида мен хонадонига йиғлаб кириб борганман. «Жўражоним, қадрдоним, нега болаларингни ташлаб кетдинг? Булар энди қандай яшайди?» – десам, сизга ўхшаган донишманд менга қараб: «Ака Шариф, бу гапингизга салгина аниқлик киритсам майлими?» – деди». «Майли», – дедим. «Шуни эсдан чиқарманг, – деди. – Ўғлиям, қизиям, қолганлар ҳам амаллаб кунини кўради. Ўлган ҳамма нарсани йўқотади, тамом», – деди. Ҳа, шунақа!

Менинг ҳаётдаги фалсафам, шиорим битта: «Бизга олам тинч бўлиб, дўстлар саломат бўлса бас».

Яхшидир аччиқ ҳақиқат,

Лек ширин ёлғон ёмон.

Ул ширин ёлғонга мендек

Алданиб қолғон ёмон.

Шундай экан, ширин ёлғонга алданмасдан ўзимизга, дўстимизга, атрофга бефарқлик қилиш ёмон. Шунинг олдини олиб, чиройли яшасак, биз довон ошамиз, эзгу мақсадимизга эришамиз.

Мана шундай юртни берган Худойимга шукр. Эрталаб дастурхонни кўриб айтяпман: тўртта ўрик емай ўтиб кетаётганлар қанча! Битта ҳандалакни ҳидлаб, баҳраманд бўлолмаётганлар-чи? Помидорнинг ширин сувини ича олмаётганлар йўқми? Бундай Ватанни тупроғини ётиб ўпинг, дейман.

Акбар Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.