Ҳакимжон Фозилов, ижодий сафардошлари билан Зоминдан
“Зиплайндаги парвозим – манзарани қандай ёритаман, қайси нуқтадан энг яхши тасвир чиқади, деган ўйлар билан ўтди. Юрак қўрқувдан титрамади, лекин ҳислар ҳам шунга яраша. Мен шунчаки парвоз қилмадим — мен парвозни режиссёр сифатида кузатдим.”
Бу сўзларни мен — Ҳакимжон Фозилов, Зоминдаги янги экстремал туризм объектида ўзимни синаб кўрганимдан сўнг айтдим. Мен билан бирга сафарга чиққан ҳамкасбим — журналист Гулчеҳра Урдушева ва ЗўрТВ мухбири Маъмура Муҳамедова ҳам бу синовни бошдан кечирди. Фақат улар камерасиз, ўз ҳиссиётларини синаб кўрдилар.
Биз барчамиз бу ерга — тоғлар бағридаги ҳаяжон, қўрқув ва илҳомни ҳис қилиш учун келгандик.
Зиплайн нима ва нега у бизни жалб қилди?
Зиплайн — бу баландликда ўрнатилган поғонали арқон (трос) орқали махсус қурилмада ҳаракатланиб, бир нуқтадан иккинчисига тушиш усули. Бу — нафақат экстремал кўнгилочар восита, балки инсоннинг ўзини енгиш имконияти ҳамдир.
Бу технология илк бор қадимги Хитой ва Ҳимолай тоғларида одамлар ва юкларни хавфсиз равишда олиб ўтиш учун ишлатилган. Бугун эса у бутун дунёда севимли туризм йўналишларидан бирига айланган.
Дунёдаги энг узун зиплайнлар:
К3 (Жанубий Африка): 3,2 км
Jebel Jais (БАА): 2,8 км
Flåm (Норвегия): 1,4 км
Зоминдаги маскан: тўлиқ маънода миллий ифтихор
Зиплайн қурилиши 1,5 йил мобайнида Россия ва бошқа хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилган. Унинг техник жиҳозлари — Германия ва Россияда ишлаб чиқарилган, ҳар бир металл арқон 3 тоннагача оғирликни кўтариш имкониятига эга.
800 метрлик умумий масофа — 400 метр олдин, 400 метр орқага. Аммо сиз ушбу масофани кўз очиб-ёпгунча, тахминан 35-40 сонияда босиб ўтасиз. Энг аниқ ва лўнда таъриф — баландликдаги парвоз.
Синов ва ҳиссиёт: ҳар биримизнинг парвозимиз
Биз Зоминга етиб келганимизда, ички ҳаяжон ва қизиқиш аралаш эди. Маъмура Муҳамедова Zo’rTV нинг “Бу кун” дастурининг вилоятимиздаги мухбири. У ўзининг мобил телефонида репортаж тайёрлайди. Ҳиссиётларини ижтимоий тармоқларда улашади.
Гулчеҳра Урдушева эса қизиқиш билан атрофга қараб, тошлар, дарахтлар, баландликни кўздан кечирарди. Унинг ҳам ҳаяжони сезилиб турибди. Шу вақт 60 ёшдан ошган отахон зиплайнда парвозни бошлагач у ҳам парвоз завқини ҳис қилишга қарор қилди.



Шунда бу зиплайн шунчаки қизиқувчилар учун эмас, иродасини синашни хоҳлаганлар учун эканини англадим.
Парвоз — қўрқув енгилган лаҳза
Навбат менга келди. Камарни мустаҳкам боғлашди. Чап қўлим билан ҳимоя арқонини ушладим. Бошимда каска, ўнг қўлимда эса камера. Инструктор асосий тушунчаларни беряпти. Қўлингизни қўйиб юбормайсиз, тепадаги тросни ушламайсиз. Оҳирига етганингизда трос бироз қаттиқроқ силкитиши мумкин. Чуқур нафас олдим. Юрак бир меъёрда дук-дук урарди.
— Тайёрмисиз?
— Ҳа…
— Оёқларингизни кўтаринг…
Арқон бўшади. Танам ҳавога кўтарилди. Қаршимда фақат тоғлар. Тепамда эса осмон, остимда — чуқур жарлик. Қўллар кўтарилган, юзимга шамол урилиб, кўзларим билан камерага қараган ҳолда атрофни тасвирга ола бошладим. Сониялар ўтган сари ҳадик кетиб, унинг ўрнини адреналин, қувонч, озодлик ҳисси босиб келади.
Зомин: фақат зиплайн эмас, балки табиат қўйнидаги осойишталик
Зомин нафақат экстремал парвозлари, балки ўзининг гўзал табиати билан ҳам сизни жалб этади.
Бу ерда:
- Зомин миллий боғи — 1926 йилда ташкил топган;
- Шиша кўприк — 305 метр узунликда, 150 метр баландликда;
- Тоғ устидаги дам олиш масканлари, кемпинг ва мехмонхоналар, Зомин дор йўли (канатка), шаршара, ва бошқалар.


Бу ҳудудда Европа стандартларига жавоб берадиган туристик хизматлар йўлга қўйилган. Ҳар бир меҳмон учун хавфсизлик, қулайлик ва ҳаяжон кафолатланган.
Хулоса: Юракка қўрқув тушса ҳам, ирода кучи ғалаба қозонади
Ушбу сафар биз учун тест эмас, ўзимизни англаш бўлди. Зиплайн — инсоннинг ички чегараларини белгилайди. Унинг қўрқувини ютади, иродасини кўрсатади.
Мен, Гулчеҳра опа ва Маъмура учун бу фақат навбатдаги журналистик сафар эмас, балки ҳаётимизнинг ёрқин лавҳасига айланди.
Парвоз қилгингиз келдими? У ҳолда қўрқувни унутинг ва парвоз учун Зоминга келинг.