Андижондаги “Дунё садолари” халқаро фестивалига сарфланаётган маблағлар ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бироқ рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, фестивалнинг иқтисодий самараси унинг харажатларини қоплабгина қолмай, анча ортиқча фойда келтирмоқда.
Қўшимча даромад: 20 млрд сўмлик савдо ҳажми
2023 йилда фестивал ўтказилган ойда Хонободдаги умумий савдо айланмаси 500 миллион сўмдан 10,5 миллиард сўмгача ошган. Кейинги йилда эса бу кўрсаткич 20 миллиард сўмдан ошиб кетган. Бу маҳаллий иқтисодиёт учун катта сакрашдир.
Фестиваль қандай фойда беради?
Хонобод шаҳридаги меҳмонхоналар, кафе ва дўконлар фестивал давомида кунлик савдони 6-7 бараваргача оширган. Баъзи тадбиркорлар одатдаги 500 минг сўмлик кунлик тушум ўрнига 8–9 миллион сўм ишлаганини билдиришган. Шу билан бирга, меҳмон уйлари бир ҳафта олдинёқ тўлиб кетган.
Қиммат юлдузлар: нархлар нега шундай?
Араш ва Мустафа Сандалнинг фестивалдаги иштирок ҳақи мос равишда 164 ва 160 минг доллар деб кўрсатилган. Бу айримлар учун юқори нархдай туюлиши мумкин, бироқ ҳудуднинг географияси ва логистикасини ҳисобга олганда, нархлар асосли.
Фестиваль Хонободда — Тошкентдан узоқдаги ҳудудда ўтказилаётгани туфайли, юлдузлар камида 3 кун вақтини ажратишига тўғри келади. Аввал Тошкентга етиб келиш, у ердан 8–9 соат йўл босиб бориш, кейин фестивалда иштирок ва қайтиш — бу вақтинча нархни қимматлаштираётган асосий омиллардан.
Нега айнан Хонобод?
Хонобод — табиати гўзал, лекин кўпчиликка номаълум шаҳар. “Ўзбекистон Швейцарияси” деб номланган ушбу ҳудудни дунёга танитиш, туризм ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш — фестивалнинг асосий мақсади.
Хулоса: сарфланган ҳар сўм ўзини оқлаяпти
Фестивальга келаётган дунё юлдузлари ҳақиқатан ҳам қимматга тушмоқда. Бироқ маҳаллий иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш соҳалари ва шаҳар брендининг шаклланиши нуқтаи назаридан, бу сарфлар ўзини тўлиқ оқлаяпти. Шунингдек, Хонободнинг халқаро майдондаги танилиши ҳам катта стратегик ютуқ сифатида баҳоланмоқда.