Ўзбекистондаги энг муҳим палеолит ёдгорликларидан бири саналган Оби-Раҳмат ғорида 80 минг йиллик тошдан ясалган ўқ учлари топилди. Археологларнинг фикрича, бу топилма қадимги инсонлар узоқ масофадан ов қилиш қуролидан фойдаланганини кўрсатиб, уларнинг тарихий тараққиёти ҳақидаги қарашларни тубдан ўзгартириши мумкин.
Россия Фанлар академияси Сибир бўлими Археология ва этнография институти олими Андрей Кривошапкин раҳбарлигидаги халқаро гуруҳ ғорнинг қадимий қатламларидан 200 га яқин артефактни таҳлил қилиб, улар орасидан 20 та ўқ учи ва парчаларини аниқлади. Энг катта топилмаларнинг оғирлиги 25–35 грамм, кенглиги эса 41 мм ни ташкил этган. Улар Жанубий Африка, Франция ва Шри-Ланкада топилган 48–60 минг йил олдинги ўхшаш артефактлардан анча қадимий ҳисобланади. Бу эса камон ва ўқнинг Евросиёда эртароқ пайдо бўлганидан далолат беради.
Мутахассислар таъкидлашича, топилмаларнинг ўлчамлари ва емирилиш излари улар найза эмас, балки ўқ учун мўлжалланганини кўрсатади. Демак, Марказий Осиё аҳолиси илғор овчилик технологияларини кутилганидан анча олдин ўзлаштирган бўлиши мумкин.
Қизиғи шундаки, ушбу ғордан илгари 9–12 ёшлар орасидаги бола қўлдиқлари ҳам топилган бўлиб, унда ҳам неандертал, ҳам замонавий инсон хусусиятлари кузатилган. Бу ҳолат ҳануз илмий баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.
Оби-Раҳмат ғори Тошкентдан 100 км шимоли-шарқда, Палтов дарёси водийсида жойлашган. 1962 йилда кашф этилган бу ғор 40 минг йилдан 80 минг йилгача бўлган маданий қатламларни ўз ичига олади ва Марказий Осиёдаги энг муҳим палеолит ёдгорликларидан бири сифатида тарихчилар эътиборида турибди.