2021 йилда авиа ва темирйўл чипталарига 30 фоиз чегирма берилади

Улашиш:

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2021-йилнинг 9-январ куни “Спорт ва туризмни соҳаларини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий натижалари ҳамда 2021 йилги устувор вазифалар” мавзусида брифинг бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда “Кун.уз”. Унда иштирок этган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 2020 йилда 1 миллион 800 минг нафар маҳаллий туристлар сафари ташкил этилганини, 2021 йилда буни кескин ошириб, 7,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилганини айтиб ўтди.
“Президент топшириғига биноан, маҳаллий аҳолининг саёҳат қилиши учун қулай ва арзон транспорт билан таъминлашда авиа ва темирйўл чипталарига 30 фоиз чегирма берилади”, – дея маълум қилди Абдуҳакимов. Бундан ташқари, 2021 йилда транспорт логистикасидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги авиа ва темирйўл қатновлари йўлга қўйилади. Андижон ва Хивани тўғридан тўғри боғловчи темирйўл рейси, Фарғона ва Урганч авиарейси, Қаршидан Урганчга темирйўл ҳамда авиарейслар йўлга қўйилиши режалаштирилган.
 Ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастурини жадаллаштириш мақсадида яна кўплаб чегирмалар жорий этилиши маълум қилинди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.