Ўқувчилари 8 км масофадаги мактабга эшакда қатнайдиган Чимбой тумани ҳокими Equinox харид қилмайдиган бўлди

Улашиш:

Чимбой тумани ҳокими лавозимига яқинда тайинланган Айбек Тажетдинов хизматда фойдаланиш учун Equinox автомобилини харид қилиш фикридан қайтди.

«Kun.uz» нашрида эълон қилинган «Чимбойдаги ўқувчилар 8 километр узоқликдаги мактабга эшакда боришмоқда» сарлавҳаси остидаги хабардан кейин ижтимоий тармоқда турли баҳс-мунозаралар пайдо бўлди. Хусусан, «Troll.uz» Telegram-каналида «Чимбой туманида ўқувчилар эшак миниб мактабга қатнамоқда. Шу туманга ҳоким бўлган Айбек Тажетдинов ҳоким бўлганидан 1 ой ўтиб Equinox харид қилган», – деб ёзилди.

Чимбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Наргиза Толибоеванинг айтишича, Equinox хариди бекор қилинган.

«Автомашина хариди учун пул ҳам ўтказилмаган. Ҳоким ҳозирда ўзининг аввалги Captiva’сида юрибди», — деди ҳокимнинг матбуот котиби.

Маълумот учун, илгари Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида, ҳозир эса Чимбой тумани ҳокими бўлган Айбек Тажетдинов UzAuto Motors компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Equinox русумли машинани 349 миллион сўмга сотиб олиш бўйича шартномани 2020 йилнинг 21 декабрь куни имзолаган.

Шартнома муддати 10 кун қилиб кўрсатилган. Аммо Чимбой тумани ҳокимлиги бош ҳисобчиси Захаратдин Жиемуратовнинг айтишича, шартнома тўлиқ бекор қилинган. Шартномада кўрсатилган пул ҳам ўтказилмаган.

Шу билан бирга, «Troll.uz» 8 километр йўл босиб мактабга қатнайдиган ўқувчилар учун автобус ташкил қилиш таклифини билдирган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.